«Удинезе» бош мураббийи Франческо Гвидолин Италия чемпионати доирасида «Милан»га қарши бўлажак ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда «Football Italia» интернет-нашри хабар бермоқда.
«Бизда ушбу тайёргарлик кўриш учун деярли бир ҳафта вақт бор. Лекин тўғрисини айтадиган бўлсам, жамоам келаётган пайшанба куни Италия Кубоги ярим финалида тўп суришини кўпроқ хоҳлаган бўлардим», деди «Удинезе» устози. Ўрни келганда айтиш жоиз, удинелик футболчилар Италия Кубоги чорак финалида «Кьево»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришган.
«Милан» бундай тиғиз тақвимга ўрганиб қолган. Ҳар уч кунда битта ўйин ўтказиш улар учун муаммо туғдирмайди. Биз эса «Фиорентина» билан ўйиндагидан яхшироқ ўйин кўрсатишимиз керак бўлади», деди Гвидолин.
«Иброҳимовичнинг дисквалификацияси ҳақида нима дейишим мумкин? «Милан»да бу футболчини алмаштира оладиган ўйинчилар етарли», дея қўшимча қилди «Удинезе» бош мураббийи Франческо Гвидолин.
Айни вақтда «А» Серия жадвалида 3-ўринни эгаллаб турган «Удинезе» 23-турда ўз майдонида 2-ўринда бораётган «Милан»ни қабул қилади. Ўйин 11 февраль, шанба куни, Тошкент вақти билан 22:00да бошланади.