«Милан» ҳужумчиси Филиппо Инзагининг айтишича, жамоадоши Златан Иброҳимовичнинг учта ўйинга четлатилгани россонерилар ўйинига кўп ҳам салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда «Championat.com» интернет-нашри хабар бермоқда.
38 ёшли Филиппо Инзаги ушбу мавсум «Милан» сафида «А» Серия ўйинларида фақат 4 та учрашувда майдонга тушган бўлиб, майдонда жами 30 дақиқа ҳаракат қилган. Жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири ҳисобланган футболчи ушбу мавсум ҳали бирор марта ҳам гол ургани йўқ.
«Мен футбол ўйнашда давом этаманми? Бу менга берилиши керак бўлган савол эмас. Мен тайёрман, ҳаммаси жойида ва, умид қиламанки, майдонга тушсам ҳам яхши ўйин намойиш эта оламан», деди Инзаги.
«Айни вақтда, жамоа сафида мендан анча ёш бўлган ҳужумчилар — Макси Лопес ва Аш-Шааравий кабилар борлигини ҳам тушуниб турибман. Умид қиламанки, Иброҳимовичнинг йўқлигини сезмаймиз ва унингсиз ҳам яхши ўйин кўрсатишда давом этамиз», дея қўшимча қилди «Милан»нинг фахрий футболчиси Филиппо Инзаги.
Инзаги «Милан» сафида «А» Серияда охирги марта 29 январь куни, «Кальяри»га қарши учрашув (3:0), Кубок баҳсларида эса 19 январь куни «Новара»га қарши баҳсда (2:1) майдонга тушган эди.