Эсимни танибманки, футболга қизиқибманки, бирор марта характерсиз Италияни кўрмаганман (балки кўришни истамаганман). Скуадра Адзурра доим таслим бўлмас, курашувчан, характери кучли ва жанговар жамоа бўлиб гавдаланарди. У мағлубиятга учраганида ҳам ўз қиёфаси, имзоси, менталитети ўзгармас, қатъият ва сабот тимсоли эди.
Ҳозир ҳам шундай. Кеча ҳам шундай бўлди.
Мен Меацца, Альтобелли, Пиола, Рива, Росси каби футболчиларни амалда кўрмаганман. Поццо, Валькареджи, Беарзот каби буюк мураббийлар даврида яшамаганман. Бу даврларни фақат ўқиб, эшитиб билганман, холос. Лек ўша ўқиганларимнинг барчасида Италия беқиёс гўззалик, услуб, назокат билан бирга юқорида айтганим жанговарлик ва харизма билан таърифланалар, бу сифатлар уйғунлашган кам сонли объектлардан бири эди.
Ҳозир ҳам шундай. Кеча ҳам шундай бўлди.
1990 йилдаги Жаҳон чемпионати, 1992 йилдаги Европа чемпионатини ҳам кўрганман. Фақат унда кичкина бола эдим ва аксар воқеалар ёдимда қолмаган. 1994 йилги мундиалнинг жуда кўп деталлари, ҳолатлари, ўйинлари эсимда. Ўшанда Баджо бошлиқ Мовий гвардия финалгача қандай етиб борганининг ўзи алоҳида китоб ёзса арзигулик воқеалар эди. Арриго Саккининг ўша Италиясини севмай илож йўқ эди ва мен севганман.
Ҳозир ҳам шундай. Кеча ҳам шундай эди.
1997 йилги Москва изғиринида ҳам Италия матонат кўрсатганди. Пальюканинг жароҳати, Каннаваронинг автоголи ва "Лужники"даги нодўстона кайфият Адзуррини синдира олмаганди. Жавоб ўйинида Казираги ягона голни уриб, Италияни ЖЧга олиб чиққанди. Ўшанда ҳам Италия метин ирода намойиш этганди.
Ҳозир ҳам шундай. Кеча ҳам шундай бўлди.
Дарвозабонлар ва ҳимоячиларга Италия ёлчиган. Ўзим билганларимдан Анчелотти, Верховод, Бергоми, Барези, Мальдини, Неста, Каннаваро, Песотто, Беннариво, Пануччи, Феррара, Дзамбротта, Кьеллини, Бонуччи, Барцальи... Ёдимдан чиққанлари қанча.
Дино Дзофф қандай дарвозабон эди? Вальтер Дзенганинг ўйинларини кўрганмисиз? Джанлука Пальюка қанақа эди? Франческо Тольдо? Анжело Перуцци? Лука Маркеджани ёдингиздами? Кристиан Аббьятти-чи? Джанлуиджи Буффондан кейин кимга ишониш мумкин эди? Ҳозир бошқа Джанлуиджи бор - Доннарумма. Италияда дарвозабонлар алоҳида генетик фан.
Ҳозир ҳам шундай. Кеча ҳам шундай эди.
1994 йилдаги финалда юрагим сиқилган. 2000 йилги финалда аламдан анча вақт ўзимга келолмаганман. 2006 йилги финалда Матераццидан нафратланиб, Зидан учун қайғура туриб, Италия учун хурсанд бўлганман. Хуллас, доим Италия менга олам-олам эмоциялар берган. Бу - шундоқ ҳам диққинафас ҳаётимиздаги айрим қувончлардан биридир.
Ҳозир ҳам шундай. Кеча ҳам шундай бўлди.
Forza, Azzurri!
Бобур Акмалов