«Милан» бош мураббийи Массимилиано Аллегри «Ювентус»га қарши Италия Кубоги ярим финал ўйини олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда «Football Italia» интернет-нашри хабар бермоқда.
«Ювентус»нинг шу кунгача «А» Серияда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамагани кўп нарсадан, энг асосийси — жамоанинг юқори даражасидан дарак бермоқда. «Ювентус»да характер бор ва улар Кубокда ғалаба қозониш учун интилишади, чунки бу жиддий бир совринни қўлга киритиш имкониятидир», деди «Милан» устози.
«Кубок биз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Биз финал йўлланмасини қўлга киритиб, максимал натижага эришишни мақсад қилганмиз», деди Аллегри.
«Милан» бош мураббийи, шунингдек, «Ювентус» – «Сиена» учрашувидаги ҳакамнинг ҳаракатларини танқид қилиб чиққан Турин клуби спорт директори Беппе Марротанинг сўзларига ўз фикрини билдириб ўтди.
«Одамлар ҳар доим ҳакамларга ёрдам бериш ниятида эканликларини айтиб келишади. Аммо ҳакамлар уларнинг жамоасига қарши биринчи қадамни ташлашиданоқ, дарҳол уларга ҳужум қилишади», деди россонерилар устози.
«Мавсум давомида ҳакамлар томонидан жамоа фойдасига ишлайдиган, унга зарар келтирадиган қарорлар ҳам қабул қилинади. Бу нормал ҳолат. Охир-оқибат, биз ҳаммамиз ҳам хатога йўл қўямиз. Нима бўлганда ҳам хотиржамликни сақлай билиш керак», дея қўшимча қилди «Милан» бош мураббийи Массимилиано Аллегри.
Италия Кубоги ярим финалидан ўрин олган «Милан» ва «Ювентус» ўртасидаги дастлабки учрашув бугун, 8 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан 00:45да бошланади (ўйин «Спорт» телеканалида тўғридан-тўғри намойиш этилиши режалаштирилган).
Жавоб учрашуви 21 март куни Туринда бўлиб ўтади. Финалнинг иккинчи йўлланмаси тақдири «Сиена» ва «Наполи» қарама-қаршилигида ҳал этилади.