Токио олимпиадасида қайси спортчилар Ўзбекистон байроқдори бўлиши маълум қилинди.
Токио-2020 Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Батуров Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлади. Қайд этиш жоиз, Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки аёл атлет сифатида тарихдан жой олмоқда.
Оксана Чусовитина Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган. Демак, Токиодаги очилиш маросимда ўзининг саккизинчи Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони эгаси Оксана Чусовитина мамлакат спорт делегацияси байроғини кўтарган ҳолда ХХХII ёзги Олимпия ўйинларининг бош аренасига бошлаб тушади. Унга эса бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, «Келажак бунёдкори» медали соҳиби Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади.
Очилиш маросимининг сценарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлиб чиқади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир. Эслатиб ўтамиз, ХХХII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги «Олимпия» стадионида бошланади.