Дунёдаги аксарият сиз ва биз таниган футбол юлдузлари катта йўлни босиб ўтган. Бу йўл таркибида шубҳасиз Олимпия ўйинлари ҳам ҳам мавжуд бўлган. Лионел Месси, Неймар, Касиляс каби машҳурлар дастлаб айнан Олимпия ўйинларида кашф этилган. Сиз билан қуйида биринчи ўрин учун энг муҳим даъвогар икки давлат термаси ва унинг келажаги порлоқ бўлган ўйинчилари ҳақида гаплашамиз.
Бразилия.
Бразилия терма жамоаси 5 йил олдинги чемпионлик тожини ҳимоялаш учун кун чиқар томонга отланган. Таркибида бир қатор таниқли юлдузлари бўлган Жанубий Америка вакили бу сафар ҳам энг жиддий даъвогарлар қаторида. Хусусан, уларда «Арсенал» юлдузи Габриел Мартинелли, «Боруссия» аъзоси Рейнер ҳамда энг муҳим фигуралардан бири, Копа Америка финали иштирокчиси, «Эвертон» клуби аъзоси Ричарлисонлар мавжуд. Дастлаб, 24 ёшли футболчига клуби Япония сафарига рухсат бермаган эди. Кейинчалик Премиер Лигада «Эвертон»нинг илк ўйинига етиб келиши маълум бўлгач, унга изн берилди. Қолаверса, «Астон Вилла» яримҳимоячиси Дуглаз Луиз ҳам асосий таркиб ўйинчиси сифатида қайд этилган. «Герта» ҳужумчиси Матюс Куня, «Севиля» ҳимоячиси Диего Карлослар ҳам чемпионлик учун курашда иштирок этиши тасдиқланган. Ундан ташқари энг қария ва тажрибали фахрий ўйинчи Дани Алвеш ҳам Бразилияга ёрдам бериш учун жалб этилган.
Испания.
Испания терма жамоаси таркибида ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Евро 2020да қатнашган футболчиларнинг камида 6 таси Японияга йўл олган. Рўйхат бошида «Барселона»нинг 17 ёшли таланти Педри, «Реал Соседад» ҳужумчиси Микел Оярзабал, «Лейпзиг» аъзоси Дани Олмо, «Атлетик Билбао» дарвозабони Унай Симон, «шаҳарликлар»нинг собиқ ўйинчиси Эрик Гарциа ҳамда «Виляреал»нинг Пау Торрес исмли футболчилар келтирилган. Қолаверса, Еврода қатнашмаган аммо Олимпияга йўл олаётганлар таркибида «Ньюкасл» клуби собиқ аъзоси (ҳозир «Реал Соседад»да) Микел Мерино, «Реал»дан Дани Себалёс ва Марко Асенсиёлар бор. Мусобақа учун яна бир умидли ҳужумчи танлаб олинган. Бу 2018 йилда «Вулверҳемптон»да тўп суриб омади юришмаган ва ўтган мавсумда Ла лига клуби «Уэска» сафида 38 та ўйинда 13 гол уришга эришган – Рафа Мир.
Мана шундай юлдузларга бой таркиб билан Олимп сари жўнаётган ҳар икки давлат термасига ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз. Бизда эса Олимпияданинг футбол баҳсларини томоша қилиб, уларни қайтадан кашф этиш имкони мавжуд.
Жалолиддин ИСМАТОВ тайёрлади