«Бунёдкор» ва «Шахтёр» ўртасида кечган иккинчи учрашувда ҳам қарағандаликлар ғалаба қозонишди.
Иккинчи беллашув ҳам худди биринчиси каби ўтди. Яна «Бунёдкор» вакиллари тўпни ўз назоратларида ушлашиб, бир неча ҳавфли вазиятлар содир этишса-да, ҳисобни очиш қарағандаликларга насиб этди. Иккинчи ўйиннинг биринчисидан кичик фарқи шуки, бу сафар ўйинни бошқариб борган ҳакам худди атайин қилгандек «Шахтёр»нинг фойдасига қарор чиқараверди. Айнан унинг ҳатоси оқибатида Кумиков шогирдлари ҳисобни очишди. Ўнг қанотдан бурчак зарбаси амалга оширилди. Ҳаволатиб узатилган тўпни қайтариш учун ҳимоячимиз Славолюб Жоржевич тайёрланди. Лекин «Шахтёр»нинг литвалик легионери Гедиминас Вичюс ҳимоячимизга нисбатан очиқчасига қўполлик ишлатиб, Жоржевични ерга қулатди. Ўзи эса дарвозани осонгина ишғол қилди. Туркиялик ҳакам вазиятга яқин турса-да, голни инобатга олди.
«Қалдирғочлар» жамоавий ўйин эвазига рақибни кўп ҳолларда тўпсизлантириб, тўп билан муомала қилиш борасида яққон устунлик эга бўлишди.
2-бўлим бошларида Саҳоб Жўраевга нисбатан «Шахтёр» ҳимоячилари ўз жарима майдончалари ичида очиқчасига қўполлик ишлатишди. Эътиборлиси Саҳоб дарвозани ишғол қилишга жуда яқин турган эди. Одатда бундай вазиятларда нафақат пенальти, балки қоида бузган футболчига қизил карточка кўрсатилади. Бу сафар ҳам турк ҳаками барчани ажаблантирди. Ҳатто ўйинни ён атрофда кузатиб бораётганлар ҳам унинг бу қароридан ҳайрон бўлишди.
50-дақиқада «Шахтёр» вакиллари Нестеров дарвозасига иккинчи тўпни киритишди. Бу сафар Саҳоб Жўраев кутилмаган вазиятда тўпни рақибга олдириб қўйди ва қулай вазиятга чиқиб борган Байжанов бу имкониятдан унумли фойдаланди.
58-дақиқада Виктор Карпенко ҳисобни қисқартирди. «Шахтёр» аъзосини таъқиб этиб, ундан тўпни олиб қўйган «Бунёдкор» сардори чамаси 26 метрлардан Мокин қўриқлаётган дарвозанинг яқин юқори бурчагини аниқ нишонга олди.
«Бунёдкор» аъзолари 90 дақиқа давомида битта таркиб билан ўйнаганликлари ва кунига икки маҳалдан олиб борилаётган тайёргарликлар ўйин давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолатида сезилди.
Ҳозирги тайёргарликлар жараёнида ўтказилаётган ўртоқлик учрашувларида натижа муҳим аҳамият касб этмаса-да, бугун «Бунёдкор» мағлубиятга умуман лойиқ эмасди. Ушбу натижани унутган ҳолда тайёргарликка бор эътиборни қаратиб, ҳато ва камчиликлар устуда ишлашда давом этиш керак.
БУНЁДКОР - ШАХТЁР (Қозоғистон) 1:2 (0:1)
Голлар: Вичус 21 (0:1), Байжанов 50 (0:2), Виктор Карпенко 58 (1:2)
«БУНЁДКОР»: Нестеров, Шораҳмедов, Жоржевич, Каримов, Жўраев, Тўраев, Козак, Карпенко, Кенжисариев, Саломов, Солиев
«ШАХТЁР»: Мокин, Париваев, Жидич, Васильевич, Киров, Даниель, Байжанов, Вичюс, Кукеев, Финонченко, Хижиченко
Захирадан майдонга тушганлар: Тарасов, Боровский, Борантаев, Лунин, Досманбетов, Ли