Яқин вақтларгача Европанинг энг кучли икки жамоаси сифатида "Барселона" ва "Реал Мадрид"ни таъкидлаб келар эдик. Бир чемпионатнинг икки гранд клуби ва юлдузларга тўла таркиблар. Улар қайси жамоага қарши майдонда ҳаракат қилмасин фаворит ҳислобланарди. Бир-бирига қарши майдонга тушишганда эса бутун дунё иккига бўлинар эди. Бу жамоаларда ҳамон юлдуз футболчилар бор ва принципиаллик ҳали ҳам юқори даражада, бироқ улар энди Европанинг энг кучли клублари эмас. Хўш, улардан қайси жамоалар кучлироқ? Шунга тўхталиб ўтамиз.
"Манчестер Сити"
Гвардиола "шаҳарликлар" мураббийи бўлганидан бери клубда тизим бутунлай ўзгарди. Испаниялик мутахассис ҳар доим раҳбариятга ўз талабларини ўтказиб келган ва ўзи учун қулай шароит яратиб олади. Ҳар ҳолда, бунга қодир бўлмаган клубларда шу пайтгача ишламаган. Унинг жамоасини биз қайси критериялар бўйича икки испан гигантидан кучлироқ дея оламиз? Авваломбор, бу жамоада иккита рақобатбардош таркиб бор. Шунингдек, жамоа кўплаб жамоалардан фарқли ўлароқ улар пандемиядан катта молиявий йўқотишларсиз чиқа олди. Мазкур клубда ҳаммаси жойида. Гарчи, ЕЧЛда муваффақиятсизликлар бўлиб турса-да, улар кўҳна қитъада энг кучлилар қаторида.
"Бавария"
Европада узоқ йиллардан буён ўз даражасини сақлаб келаётган клублардан бири айнан "Бавария" ҳисобланади. "Реал" ва "Барса"нинг бироз "чўкиши" фонида уларни айни вақтда Европаданинг энг кучли 3 жамоасидан бири деб ҳисобласак бўлади. Мюнхен клуби кки йил аввалги ЕЧЛ ғолиби ва Бундеслигани деярли ўзиники қилиб олган. Таркиб идеал ва раҳбарият ҳам клуб учун барча шароитларни яратиб беришга қодир. Шундай экан, уларни биз "Барселона" ва "Реал Мадрид"дан айни дам кучли дея оламиз.
"ПСЖ"
Таркибида Неймар, Мбаппе каби катта юлдузлар бор жамоани биз узоқ вақтдан буён Чемпионлар Лигасида фаворит сифатида кўраётган эдик. Улар бу турнирда бир бора финалда ва ўтган мавсум финал бўсағасида мағлуб бўлишди. Шундай бўлсада, жамоа ҳамон ўсишни давом эттирмоқда. Доннарума, Рамос, Вейналдумни ўз сафига қўшиб олган Париж клуби, эндиликда эътиборини Погбага қаратган. Яқин 2-3 мавсумда улар испан грандларидан кўра, анча ёрқин ўйин кўрсатмоқда ва бу натижаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Менимча, кейинги мавсумларда ҳам парижликлар кўп ишлар қила олади. Балки, узоқ кутилган чемпионлик яқиндир. Ҳар ҳолда уларда бор таркиб шунчаки даҳшатли кўринишга эга.
"Барселона" ва "Реал Мадрид"
Мен ҳар мавсум аввалида бу клубларда катта ўзгаришлар бўлишини кутаман. "Кўк-анорранглилар" бу борада илк қадамларни ташлади, бироқ барибир клуб молиявий муаммоалардан қутула олмаяпти. Бундай шароитда текин шартномалар бўйича яхши юриш қилди, бироқ камчиликларни бартараф этиш учун айрим катта трансферлар зарур. Буинг учун эса ҳозирда клубда маблағ йўқ. "Қироллик клуби"да эса вазият бутунлай тушунарсиз. Кўплаб етакчилар клубни тарк этмоқда ва уларни ўрнини боса оладиган юлдузлар олиб келинмаяпти. Мбаппенинг Мадрид клубига ўтиши ҳақида хабарлар доим янграйди, бироқ ҳамон бу амалга ошмади. Ҳужумдаги "страйкер"ини йўқотган "қаймоқранглилар", энди ҳимоя устунларидан айрилди. Билмадим, бу "Реал" келгуси мавсумда ўз олдига қандай мақсадлар қўймоқда.
Ўтмиши шонли бу икки клуб, келажакда яна шу даражани тиклай олар, бироқ айни вақтда улардан кучли жамоалар етарлича топилади.
Худайқулов КАРИМ мақоласи