Ёзги олимпия ўйинларининг ўн биринчи куни аламли мағлубиятлар билан бошланган бўлса-да, кун якуни бизга олтин медални тақдим этди. 3 август куни мусобақаларда иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар натижалари билан таништириб ўтамиз.
Енгил атлетика. Уч хатлаб сакраш. Руслан Курбанов ҳеч бир уринишида керакли масофани қайд этолмай мусобақа билан хайрлашди.
Бокс. 52 кг. Шаҳобиддин Зоиров чоракфиналда филиппинлик Карло Паалам билан жангнинг иккинчи раундда Зоировнинг қоши ёрилди. Икки бўлим натижаларига кўра ғалаба Пааламга тақдим этилди — 4:0.
63 кг. Элнур Абдураимов эса яримфинал йўлланмаси учун арманистонлик Ованес Бачков билан жанг қилди ва очколар бўйича мағлубиятга учради — 0:5.
Аёллар. 60 кг. Райхона Қодирова бразилиялик Беатрис Ясминга қарши яхши кураш олиб борди. Бироқ Беатриснинг зарбалари аниқроқ деб топилди ва Қодирова юришини тўхтатди — 0:5.
Юнон-рум кураши. 87 кг. Рустам Ассакалов биринчи баҳсда ғалаба қозонди. Иккинчисида хорватиялик Иван Хуклекка ютқазди ва Олимпиада медалисиз қолди.
Оғир атлетика. 109 кг. Акбар Жўраев даст кўтаришда 193 кило тош билан иккинчи ўринни эгаллаганди, силтаб кўтаришда эса арманистонлик Симон Мартиросянни керакли фарқ билан ортда қолдира олди ҳам Токио-2020 чемпионлигини қўлга киритди. У силтаб кўтариш (237 кг.) ва умумий натижалар (430 кг.) бўйича олимпиада рекордини ўрнатди.