Анталиянинг Белек шаҳрида янги чемпионатга тайёргарлик олиб бораётган “Шўртан” клуби бугун Тожикистон миллий терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашувда ғузорликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.
Игорь Криушенко шогирдлари ўйин борасида рақибларидан устунлик қилишди ва буни ҳисобда ҳам акс эттира олишди. Биринчи бўлимда дарвозалар даҳлсизлиги сақланиб қолди. Иккинчи бўлимда Ботир Қодирқуловнинг ўнг қанотдан рақиб дарвозасига ошириб берган тўпи тўппа-тўғри Алишер Додов дарвозасидан жой олди.
Голдан сўнг бироз хотиржамликка берилиб кетган “оқ бўрилар” ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. Лекин, Ботир Қодирқулов бу сафар ҳам жамоаси жонига оро кириб, ўзининг бу сафарги жуда ҳам чиройли голи билан “Шўртан”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Учрашув якунланиб бораётган паллада Ҳамза Каримов рақиб дарвозасига “Шўртан”нинг учинчи голини киритди, лекин қанот ҳаками Ҳамзанинг голини инобатга олмади.
Шу тариқа, “Шўртан” жамоаси ўзининг аралаш таркиби билан Тожикистон миллий терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Анталиядаги йиғинни ғалаба билан бошлади.
Бугун маҳаллий вақт билан соат 17:00да Игорь Криушенко шогирдлари Россиянинг “Енисей” клуби билан баҳс олиб боришади.
Ушбу баҳсда “Шўртан” клуби бош мураббийи Игорь Криушенко қуйидаги таркибни синаб кўрди:
ШЎРТАН - ТОЖИКИСТОН м.т.ж. - 2:1
Голлар: Ботир Қодирқулов (2та)
«Шўртан»: М. Наумов, Ҳ. Каримов, Л. Убайдуллаев, А. Жўраев, С. Атоев, В. Пономарёв, И. Хазигалиев, Б. Қодирқулов, Ҳ. Муртазоев, О. Каримов, Ф. Петкович.
Захирадан майдонга тушганлар:Х. Орзиқулов, Ш. Хурсанов.
Тожикистон миллий терма жамоаси: А. Тўйчиев, Э. Ражабов, А. Неъматов, С. Савонқулов, Ф. Чориев, Д. Васиев, И. Робимов, М. Содиқов, Ж. Жалилов, К.Саидов, А. Ҳамроқулов.
Захирадан майдонга тушганлар: А. Додов, Д. Эргашев, А. Назаров, Ф. Фатхуллаев, И. Ортиқов, Б. Шарипов, Ю. Рабиев, Ф. Тоиров.