Франциянинг "Лилль" клуби президенти Мишель Сейду жамоа етакчиси Эден Азарни ҳеч қандай пул эвазига "ПСЖ"га сотмаслигини таъкидлаб ўтди.
"Лилль"нинг 21 ёшли юлдузига Европанинг бир қатор грандлари жиддий қизиқиш билдирган. Жумладан, "Тоттенҳэм", "Арсенал", "Манчестер Юнайтед", "Интер", "ПСЖ", "Реал" каби клублар футболчини ўз сафида кўришни исташмоқда.
Франциянинг бир қатор клублари молиявий инқироз туфайли ўзининг етакчи футболчиларини сотишга мажбур бўлишмоқда. Бундай ҳолат Франциянинг сўнгги чемпиони "Лилль"да ҳам кузатилмоқда.
Жамоа ёзда Эден Азарни сотиши аниқ бўлиб турибди. Жамоанинг бир қатор француз клублари каби ўз етакчи футболчиларига катта маош тўлашга қурби етмайди.
Францияда фақат "ПСЖ"гина футболчиларга катта маош тўлай оладиган даражадаги клуб саналади. Клуб президенти эса футболчи сотилган тақдирда ҳам фақат хориж клубига сотилишини айтди.
"Биз Азарни ҳеч қандай пул эвазига "ПСЖ"га сотмаймиз. Унга Европанинг бир қатор жамоаларидан таклиф тушган. Бу таклифларнинг сони кундан-кунга кўпаймоқда. Улар ичидан энг яхши ва қулай бўлган таклифни кўриб чиқишга тайёрмиз", дейди Мишель Сейду Сanal+ га берган интервьюсида.