АГМК жамоаси Ўзбекистон кубоги доирасидаги навбатдаги юришини бошлаш арафасида. Жамоамиз ушбу мусобақада кетма-кет 3 йил финалга қадар йўлни босиб ўтган ва бир марта бош совринга ҳам эгалик қилган. Бу гал яхши ният ва юқори мақсад сари Ўзбекистон кубоги доирасида йўлга чиқишни мақсад қилган. АГМК жорий мавсум кубок мусобақасида ўз иштирокини амалдаги ғолиб "Пахтакор" каби нимчорак финал босқичини бошламоқда. Қолган жамоалар, хусусан нимчорак финалдаги рақибимиз "Нефтчи" ҳам гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, ушбу босқичга йўлланма олди.
Бўлажак рақиб "Нефтчи" айни дамда Про лигада иштирок этмоқда ва пешқадам жамоалар сафида кетмоқда. "Нефтчи" жамоасини жорий мавсумдан эътиборан Илҳом Мўминжонов бошқариб келмоқда.
АГМК ва "Нефтчи" жамоалари барча мусобақаларда жами 26 маротаба тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги устунлик фарғоналиклар тарафида. АГМК "Нефтчи" билан ўйинларда 7 марта ғалаба қозонган, 13 ўйинда устунлик фарғоналиклар тарафида бўлган ва қолган 6 баҳсда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати – 32:47, "Нефтчи" фойдасига.
Ўйинни ёш ҳакам Ғайрат Жўраев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Ушбу рефери илк бор жамоамиз иштирокидаги беллашувда ишлаш арафасида.
Учрашув 19 август куни Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 19:00да бошланади. Ўйин карантин чекловлари туфайли мухлисларсиз ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон кубоги. 1/8 финал
19 август, пайшанба.
АГМК – "Нефтчи" (19:00)
Ҳакамлар: Ғайрат Жўраев, Шерзод Камаров, Сардор Ҳакимов, Абдурашид Худойберганов
Назоратчи: Рашид Айтеков
Комиссар: Муҳаммадсодиқ Содиқ-Оҳунов