Ўзбекистон чемпиони «Бунёдкор», аввалдан режалаштирилганидек, 6 март куни ОЧЛ гуруҳ босқичи 1-тури доирасида Тошкентда Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клубини қабул қилади.
Индонезия чемпиони ҳисобланган «Персипура Жаяпура» ОФК томонидан четлатилган эди, шу сабаб, 2011 йил 6 декабрь куни Куала-Лумпурда бўлиб ўтган қуръа ташлаш маросимида «Аделаида Юнайтед» тўғридан-тўғри «Е» гуруҳи иштирокчисига айланганди. Бироқ, Спорт арбитраж судининг махсус чора-тадбирлар кўриш тўғрисидаги қароридан сўнг Индонезия клуби Осиё Чемпионлар Лигасига қайтарилган, шундан келиб чиқиб, ОФК 16 февраль куни Австралия ва Индонезия жамоалари ўртасида ОЧЛ саралаш плей-офф финал раунди учрашуви ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилганди.
16 февраль куни Аделаидадаги «Хиндмарш» стадионида бўлиб ўтган баҳс 3:0 ҳисобида Австралия клуби фойдасига ҳал бўлди. Найжел Бугард, Евген Левченко ҳамда Сержио ван Дийк томонидан киритилган голлар «Аделаида»нинг йирик ҳисобдаги ғалабасини таъминлади.
Энди «Аделаида» ОЧЛ гуруҳ босқичида Ўзбекистон чемпиони «Бунёдкор» ҳамда Япония чемпионати учинчи ўрин соҳиби «Гамба Осака» жамоаларига қарши тўп суради. Гуруҳнинг тўртинчи жамоаси номи 18 февраль куни ОЧЛ саралаш плей-офф финал раунди доирасида Похангда бўлиб ўтадиган Жанубий Кореянинг «Поханг Стилерз» ҳамда Таиланднинг «Чонбури» клублари учрашувидан сўнг маълум бўлади.
ОЧЛ саралаш плей-офф финал раунди
16 февраль, пайшанба
“АДЕЛАИДА ЮНАЙТЕД” (Австралия) – “ПЕРСИПУРА ЖАЯПУРА” (Индонезия) 3:0 (1:0)
Голлар: Найжел Бугард (12), Евген Левченко (57), Сержио ван Дийк (84).