Ўзбекистон Кубоги 1/8 финалида «Локомотив» устидан қозонилган ғалабадан сўнг «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Ўйин ҳақида.
— Қийин ўйин бўлишини билгандик. Кубок ўйини бўлгани боис сизда фақат битта имконият бўлади. Тўғрисини айтсам, ўйин олдидан ҳаяжон бор эди. Йигитларга самарали ҳаракатларни амалга оширганликлари ва ғалаба учун раҳмат айтаман. «Локомотив» пенальтидан гол урганида ўйин тақдири ўзгариб кетган бўларди. Бу руҳий тарафдан ҳам ўз таъсирини кўрсатди деб ўйлайман. «Локомотив» кетма-кет иккинчи ўйиндирки охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбормоқда, албатта, бу психологик жиҳатдан қийин. Уларга кейинги ўйинларда омад тилайман.
— Кубок ўйини чемпионат баҳсларидан фарқ қилади. Бугун шу сезилдими?
— Йўқ, бугун фарқ сезилмади. Бир-бирига муносиб жамоалар ўйин ўтказишди. Эсингизда бўлса, чемпионатда 0:0 ўйнаган эдик. Ўшанда ютишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам мумкин эди. Бугун ҳам шундай бўлди. Ўйин тенг курашлар остида кечди.
— «Сўғдиёна»нинг Ўзбекистон кубогидаги мақсади?
— Мақсадимиз – имкон қадар охиригача бориш.
— Жавоҳир Қаҳрамоновнинг ўйини ҳақида қандай фикрдасиз? Умуман олганда, «Сўғдиёна»нинг қайси ўйинчиларини терма жамоа даражасида деб айтоласиз?
— Биласизми, кимнидир мақташ ёки ерга уриш ниятим йўқ. Мен учун ҳамма бир хил. Ким терма жамоадан чақирув олса, ўша футболчи учун хурсанд бўламан. Футболчиларимиз терма жамоада муносиб ўйин кўрсатишлари учун улар билан астойдил ишлашга уринамиз.
— Чорак финалда «Насаф» рақиблик қилади. Қандай ўйин кутяпсиз?
— Кейинги ўйинимиз «Қизилқум» билан бўлади. Аввал ўша ўйинга тайёрланамиз, кейин бошқа ўйинларга.
— Ўйин пайтида қўшимча бўлимларга тайёр турганмидингиз?
— Ҳа, ўйин вақтида ҳам, ўйингача ҳам бунга тайёр тургандик.