Туркиянинг Анталия шахрида ўқув машғулот-йиғинини ўтказаётган Қаршининг "Насаф" жамоаси Украина чемпионати вакили — Луганскнинг "Заря" клуби билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.
Биринчи бўлим асосан майдон марказида кечди. Асосан стандартлар орқали рақиб дарвозасига хавф солиб турган жамоалар биринчи бўлимни 0:0 ҳиособида якунлашди.
Иккинчи бўлим эса "Насаф" учун бироз омадсиз бошланди. 49-дақиқада қаршиликлар дарвозасига чамаси 30 метрлардан белгиланган жарима тўпидан сўнг ўйинда ҳисоб очилди. Илья Гозулянинг ошириб берган тўпини Виталий Вернидуб боши билан чиройли тарзда "Насаф" дарвозасига жойлаб қўйди ва "Заря"ни олдинга олиб чиқди.
Аксига олиб, орадан 3 дақиқа ўтар ўтмас Боян Малишич дарвозадан унча узоқ бўлмаган жойда тўпни қўли билан ўйнагани учун майдондан четлатилди ва "Насаф" майдонда бир киши кам бўлиб қолишга мажбур бўлди. Аммо, "Насаф" айнан шундан кейин бироз жонланди. Рақиб дарвозаси олдида кетма кет вазиятлар содир этила бошлади.
Бир-икки вазиятда "Насаф"нинг собиқ посбони, ҳозирда "Заря" дарвозасини қўриқлаётган Дмитрий Козаченко ўз жамоасини голли вазиятлардан қутқариб турди.
Ўйиннинг 72-дақиқасида эса "Насаф" ниҳоят ҳисобни тенглаштирди. Чамаси 20 метрлардан белгиланган жарима тўпини Артур Геворкян чиройли тарзда Козаченко қўриқлаётган дарвозанинг юқори бурчагига жойлаб қўйди. 1:1.
Майдонда бир киши кам бўлиб ҳаракат қилаётган қаршиликларда ҳам, "Заря"да ҳам шундан кейин бир қатор хавфли вазиятлар бўлди. Аммо ҳисоб ўйин якунигача ўзгармай қолди. "Насаф" - "Заря" 1:1
Жамоалар ўйинни қуйидаги таркибда бошлашган:
"Заря" Луганск: Дмитрий Козаченко, Никола Игнятьевич, Виталий Вернидуб, Тони Шунич, Григорий Ярмаш, Максим Иг. Белый, Никита Каменюка, Сергей Ференчак, Илья Галюза, Иван Родич, Лаки Идахор.
"Насаф" Қарши: 42. Зуҳуров, 7. Жиямуродов, 4. Каримов, 5.Қораев, 34. Малишич, 20. Бойдуллаев, 16. Юсупов, 17. Геворкян, 8. Переплёткин, 33. Мирхолдиршоев, 9. Шомуродов.
Голлар: Вернидуб (49) - Геворкян (72)
Четлатиш: Малишич (53)