Англияда элит даражадаги клубларнинг ҳаммаси ўз мактабига эга. Улар ҳар доим ҳаракатда ва ўз клуби ва жаҳон футболи учун кадрлаш етказиб беришади. Ана шундай ўз ўрни ва услубиятига эга бўлган клублардан бири, «Ливерпуль»нинг академиясида доимо сифатли ўйинчилар тарбия топган. Ундаги умидли ҳамда ёш футболчилардан бири, вингер Харви Эллиотдир. У АПЛ баҳсида дебют қила туриб, ўзининг нималарга қодир эканини исботлаш учун атиги уч дақиқагина кифоя сарфлади. Футболчи бу билан нафақат ўз шахсиятини, балки «Ливерпуль»нинг сабрли ва изчил ўйланган ёшлар сиёсатини ҳам нечоғлик тўғри эканини кўрсатиб берди. Эллиот «Энфилд»да «Бёрнли»га қарши учрашувда қулай ғалаба қозониш учун жон-дилидан меҳнат қилган футболчилардан бири бўлди. У жамоаси учун жарима зарбаси ишлаб, катта ёрдам қўлини чўзди. Шу воқеадан олти дақиқа ўтар-ўтмас яна бир яхши имкон ҳозирлади. Бу сафарги ишланган фол нисбатан анча хавфли позицияда рўй берган эди. Иккала имкониятдан ҳам гарчанд мақсадга эришилмаган бўлса ҳам, Эллиотни асосий таркибда майдонга тушиши ва 90 дақиқа у ерда қолиши, Юрген Клопп томонидан амалга оширилган энг оқилона қарорлардан бири эди.
Эллиотнинг Премьер Лигадаги старти шунчаки рўй бергани йўқ. Аксинча, ушбу жараён Клопп ҳамда унинг аҳил жамоаси томонидан ўтказилган тўрт фасллик ҳаракатлар, мослаштиришлар ҳамда кўмаклар натижаси ҳисобланади. Ҳаммаси 2020 йилнинг сентябрь ойида бошланди. Англия лига кубоги(Carabao Cup)да «мерсисайдликлар» «Линколн Сити»га қарши курашда нақ еттита ёш тарбияланувчисини майдонга ташлайди. Улар ичида Харви ҳам бор эди. Ёш вингернинг ўйини ўша кечада ўйин учун йиғилган барча мухлислар эътиборини тортади. Унинг тўпни назорат қилиш услуби ҳамда техникаси барчани ҳайратга солган эди. Эллиот учун энг асосий нарса жамоавийликка кўникиш ва тажриба йиғиш ҳисобланади. Шу сабаб у 2020-21 йилги мавсумнинг аввалида Чемпионшип вакили «Блекберн Роверс» клубига ижара асосида юборилади. Клуб мураббийи Тони Моубрейнинг ҳушёр кузатуви остида футболчи ҳафтанинг ҳар бир ўйинида майдонга туширилди. Мавсумнинг 41 учрашувида иштирок этди ва еттита голни расмийлаштирди. Эллиот Моубрейни ўз маъсулияти ҳамда жонкуярлиги билан қойил қолдирган эди.
Тони Моубрей кейинчалик « the Athletic» нашрига берган интервьюсида Харви Эллиотни алоҳида эътироф этади. Мураббий футболчи ҳақида шундай дейди: «Сиз уни машғулот майдонидан олиб чиқишингиз жуда қийин кечади. У майдонда тўп сурганида доимо ўйинда меъёр ва мувозанат бўлади. Ҳатто қайсидир жамоадоши етиб келолмаса ҳам у ёрдамга тайёр туради. Харвини майдондан заҳирага иложи борича олмасликка ҳаракат қилардим. Чунки у камдан-кам ўйин учун яроқсиз ҳолга келади. У билан муносабатимиз жуда ҳам ижобий. У бизга баҳолиқудрат ёрдам беради. Ва умид қиламанки, биз ҳам Харвининг ривож топишига ва унинг жамоаси «Ливерпуль»да тўп суриши учун ёрдам бера олдик».
Шундан сўнг Эллиот 2021 йилги ёзги машғулотлар учун яна Клопп жамоасига қайтди. Клубнинг Австриядаги йиғинида Харви деярли барча ўртоқлик баҳсларида иштирок этди. Унда Клопп ҳохлаган жамоанинг аггресив фалсафасига мослик мавжуд. Эллиотнинг «Маинз», «Герта Берлин» ҳамда «Атлетик» клубларига қарши ҳаракатлари ўта жозибадор ва тўғри ечимларга эга эди. Бу ўйинлар футболчининг даражасида бир қадар етуклик борлигини исботлаб берди. Ушбу ҳаракатлари ҳамда Чемпионшипда орттирилган тажриба билан Клопп Харвини АПЛ учун етилганини сезди. Эллиотнинг тўп билан ҳаракатлари ва вазиятни тўғри баҳолай олиши унга доимгидек асқотди. Кечаги баҳсда ҳам ўз ҳаракатлари билан мунтазам майдонга тушиш учун тайёрлигини кўрсатди. Энди футболчини кейинги турларда очилишини кузатишимиз мумкин бўлади. Хулоса қилиб айтганда Эллиот кўрсатган ўйин «Ливерпуль»нинг яна бир янги футболчи билан қудратлироқ бўлганини англатади. Эндиликда, АПЛ баҳслари яна бир келажак юлдузи учун порлоқ майдонга айланиши аниқ.
Жалолиддин ИСМАТОВ тайёрлади