Милан шаҳрининг «Интер» клуби шубҳасиз дунё билган ва таниган машҳур жамоалардан биридир. У шонли тарих, унутилмас лаҳзалар ҳамда истеъдодли футболчилар макони бўлиб келган. Ушбу клуб ХХI асрнинг дастлабки декадаси якунида ажойиб натижа қайд этганини биламиз. Улар 2010 йилда португалиялик мураббий Жозе Моуриньо қўл-остида Италия чемпионлиги, мамлакат кубоги ҳамда Чемпионлар лигаси совринини боши узра баланд кўтарган эди. Айнан мана шу чоғда жамоа ўзининг типик итальян футболи вакили ва келаётган авлод учун мерос яратувчи клублигини исбот этган.
Сиз ўша пайтда кимлар «Интер» сафида «Бавария»дек жамоани мағлуб этганини биласизми? Агар эсингиздан чиққан бўлса, буни биргаликда ёдга соламиз.
Муваффақиятли жамоа шаклланишида мураббий фактори энг асосий ўринда туришини ҳамма билади. Бундан ўн йил олдин эса «Интер»да худди шу нарса рўй берди. Жамоада шундай футболчилар бор эдики, улар ўз устози учун майдонда жон олиб, жон беришга тайёр бўлган. Шунингдек, таркиб футболчиларида тажовузкорлик билан бирга, бироз футболга хос бўлган майинлик ҳам намоён бўлар эди. Айнан мана жиҳат нидерландиялик ярим ҳимоячи Уэслей Снейдерда мавжуд бўлган. У майдон марказида барча нарсани назорат қилар, бамисоли оркестр бошловчиси эди. Унинг тўпни ошириш, зарба бериш ва тўпни олиб юриш қобилиятлари ўта моҳирона даражага чиққан. Снейдер классик 10-рақамлилар намоёндаси бўлиб, ҳужум ҳосил қилувчи плеймейкер вазифасини бажарган. Моуриньо эса унинг мана шу ҳислатини қадрлар эди. Футболчи учун «Реал»даги фаолият гўё қора тун каби бўлди. У икки йил давомида Мадридда ўз ўрнини топа олмаган. Аммо 2010 йилга келиб, «Интер» сафидаги асосий қуролга айланган. Уэслей жамоадаги қаттиқлик ва юмшоқлик ўртасидаги мувозанатни таъмин этувчи шахс эди. У шу жиҳати билан ҳам қадр топган.
«Интер» сафидаги яна бир ажойиб истеъдод эгаси бу аргентиналик бомбардимончи Диего Милитодир. Унинг фаолияти дастлаб, Америка ва Европанинг нисбатан майда клублари сафида тўп суриш билан бошланади. У «Женоа»даги икки йиллик иш ҳамда Ла лига жамоаси «Реал Зарагоза» таркибидаги ўйин учун ўзининг асосий умрини сарф қилади. Аммо 30 ёшга кирар дамда, Милито «Интер»га келади. Шу билан ўз ўрнига эга футболчига айланади. Милитонинг Италия кубогидаги «Рома»га қарши ягона голи жамоасини чемпионга айлантирди. Скудетто учун сўнгги тур баҳсида ҳам «Сьенна» клубига битта ва ягона гол уриб, клубга 3 очко тақдим этади. Унинг кейинги иши эса мутлақо ақлга сиғмас эди. Милито 2010 йилги ЕЧЛ финалида «Бернабео» ўйингоҳида «Бавария»га қарши дубл қайд этади. Бу эса жамоасига 45 йилдан кейин яна Европа чемпионлигини тақдим этган. Шу воқеаларнинг ўзи ҳам аргентиналикнинг нечоғлик талантли бўлганидан далолат беради.
Диего Милито жамоадаги ёлғиз Жанубий Америка вакили эмас эди. Клуб афсонаси ва сардори Хавьер Санетти, қолаверса унинг ҳамюрти Эстебан Кабиассолар ҳам аргентиналик бўлган. Ҳар икки футболчи бир пайтлар, 2004 йилда «Реал» сафидан чиқарилган ва олинмаган эди. Ушбу жуфтлик клуб тарихидаги энг барқарор ҳамда мустаҳкам ярим ҳимоячилар сифатида эсланади. Устоз Моуриньо ўша пайтда энг кўп ротация ва экспериментлар қилувчи мураббий сифатида кўрилган. Айнан у асли ҳимоячи бўлган Занеттини майдон марказида ўйната олган эди. Жамоа мудофаасида бразилиялик Лусио ва аргентиналик Уолтер Самуеллар бор бўлган. Ушбу жуфтлик ўша пайтда футбол оламидаги энг агрессив ва мустаҳкам ҳимоя вакиллари сифатида тан олинган. 2010 йилдаги жамоанинг энг яхши ўйинчиси номига ҳам мана шу икки футболчи лойиқ топилган. Ҳимоя ортида дарвозани яна бир бразилиялик ўйинчи-посбон –Жулио Сезар қўриқлаган.
Жозенинг жамоаси фақат жанублик ўғлонлардан тузилган эканда, деган ҳаёлга борган бўлсангиз, адашасиз! У ерда, жамоа ҳужумида ҳар қандай ҳимояни яксон қила оладиган америкалик бўлмаган футболчилар ҳаракат қилган. Улардан бири қанот ҳужумчиси — Горан Пандев. Чапақай футболчи ўша даврда Европада тенгсиз эди. Македониялик ҳужум вакили Моуриньо таркибида меҳнаткаш, кўп қиралли ва катта техник қобилиятга эга футболчи сифатида намоён бўлган. Ўнг қанотда, Самуэль Этo'o хизматга шай турарди. Биз камерунлик гол машинасини вазиятлардан фойдаланиш ва уларни яратишда қандай қобилиятга эга эканини жуда яхши биламиз. Ҳужум марказида эса Моурнинг севимли футболчиларидан бўлган ганалик Сюллей Мунтари ҳаракат қилган. У «Бавария»га қарши ўша финал баҳсида ўта катта ҳажмдаги ишни бажариб, жамоасини ғалабага етаклаган эди...
Мунтари каби бошқа юқорида тилга олинган футболчилар ўзида битмас истеъдодни жам этган бўлсаларда, ҳеч қачон бошқа клубларда яхши ҳаракат қила олмаган, услубга кўникмаган. Уларнинг бари «Интер» ва Жозе билан тўқнаш келганидан кейингина, ўз ўрнини топа олган. Бу ерда Моуриньо маҳоратига таҳсин айтмасдан илож йўқ. Чунки у ўзи каби ўзига керакли бўлган «special one» футболчиларни танлаб олганди.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси