Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Сан-Хосе (АҚШ) шаҳрида мукофот жамғармаси 531.000 долларни ташкил этган халқаро турнирда ғолиб чиқиши учун бир қадам етмади.
Ҳамюртимиз ярим финалга қадар кечган баҳсларда америкалик уч нафар теннисчиларни, дастлаб Сэм Куэррини 5-7, 6-3, 7-5, иккинчи босқичда Майкл Росселни 6-2, 6-2, чорак финалда эса дунё рейтинг жадвалида 27-ўринда бораётган Энди Роддикни 6-2, 6-4 ҳисобларида мағлубиятга учратди.
Ярим финалда Денис Истомин франциялик Жюльен Беннетога (дунё рейтингида 29-ўрин) қарши кортга чиқди. Уч сет давом этган муросасиз учрашув 6-3, 6-7 ва 6-3 ҳисобида ҳамюртимизнинг ғалабаси билан якунланди.
Бош соврин учун кечган баҳсда канадалик Милош Раонич (дунё рейтингида 35-ўрин) билан баҳс олиб борган ҳамюртимиз 6:7 ва 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Лекин шунга қарамай, нуфузли халқаро турнирда ишончли ўйин намойиш этиб, финалга қадар йўлни шараф билан босиб ўтган Денис Истомин дунё рейтинг жадвалида 49-ўринга кўтарилиб олди. Бу эса ўз навбатида "Олимпиада-2012" ўйинлари сари ташланган яна бир дадил қадам бўлди.
Энди биринчи рақамли теннисчимиз бугун Мемфисда (АҚШ) бошланадиган "Регионс Морган Киган Чэмпионшипс" халқаро турнирида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. 26 февралга қадар давом этадиган мазкур йирик мусобақанинг мукофот жамғармаси 1.155.000 долларни ташкил этади.
Бугун бўлиб ўтадиган дастлабки турда ҳамюртимизга дунё рейтинг жадвалида 38-ўринда бораётган Юрген Мелцер (Австрия) рақиб бўлади.
Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати