Эртага 21 февраль, сешанба. Одатдагидек, севимли нашрингизнинг янги сони газета дўконларига сотувга чиқади. Анъанамизга мувофиқ, газетанинг янги сони анонсини тақдим этамиз.
2-саҳифада журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг «Ҳар февраль ҳам шундай ўтади...» мақоласида ФИФАнинг февраль ойида чиқарган қарорларидан жабр кўрганимиз муҳокама қилинган. Шу саҳифадан Жанубий Корея ва Япония сафарига отланган миллий терма жамоамиз таркиби ва бошқа расмий хабарлар ўрин олган.
3-саҳифада «Терма жамоаларимиз» рукни остида «Блаттер билан бирга қариётган ФИФА» мақоласида ФИФАнинг адолатсиз ташкилот эканлиги танқид остига олинган. Шунингдек, терма жамоаларимизга оид муҳим хабарларни ҳам шу саҳифада топасиз.
4-саҳифада ОЧЛ ва ОФК кубоги плей-оффлари натижалари келтирилган. Олимхўжа Бўроновнинг «Хавотирли ФИФА рейтинги» мақоласида февраль ойидаги икки расмий учрашувни бой берсак, ЖЧ-2014 IV саралаш босқичида тўртинчи саватчага тушиб қолишимиз мумкинлиги хусусида қайғурилади.
5-саҳифада одатдагидек, клубларимизнинг хорижий йиғинлари, назорат учрашувлари, таркибларда кўрикдан ўтаётган футболчиларимиз ва легионерлар ҳақида маълумотлар берилган.
6-саҳифада ҳафтанинг муҳим янгиликлари билан бир қаторда ПФЛ кубоги-2012 якунлари тақдим этилган.
7-саҳифада журналист Бахтиёр Ширинов «Хорижда тобланганлар» мақоласида шу вақтгача юртимиздан хорижга бориб ишлаб келган мураббийлар ҳақида мулоҳаза юритади. Улардан мухлисларни қизиқтирган айрим саволларга жавоб ҳам олинган.
8-саҳифада Камронбек Чегабоевнинг «Салкам «светофор» мақоласида 1994 йилдан буён терма жамоамизнинг расмий ўйинларда кийиб, майдонга тушган либослари таҳлил этилган.
«Ким аслида ким?» рукнига ажратилган 9-саҳифада Қаҳрамон Асланов шу кунларда 45 баҳорни қаршилаган итальян футбол «афсунгари» Роберто Бажжо ҳаёти ва фаолиятига чизгилар берган.
10-саҳифада одатдагидек хориж футболи хабарлари ўрин олган бўлса, 11-саҳифада Еврокубоклар Ҳамза Ёқубов томонидан таҳлил этилган.
12-13-саҳифаларда Осиё ва Европа миллий чемпионатлари натижалари ва жадваллари, уларда тўп сураётган легионерларимиз ҳақида таҳлил, кучли бешликнинг энг диқққатга сазовор воқеалари ёритилган.
14-саҳифа тўлиқлигича Махачқалъанинг «Анжи» клубига аталган. Клубнинг энг янги тарихи хронометражи билан Фаррух Файзиев таништириб ўтган бўлса, Одил Ахмедов билан интервью ҳам шу саҳифадан ўрин олган.
15-саҳифада ҳафта давомида сизни кутаётган футбол учрашувлари анонси, иқтибослар, викториналар, қизиқарли фактлар ва теледастурлар чоп этилган.
16-саҳифа эса ҳар доимгидек «Қулоққа чалинган гаплар» билан бошланиб, Қ.Аслановнинг «Яна 3 дақиқаси» билан тугайди. Ҳажвия ва ҳафта латифаси, иқтибослар, мулоҳаза ва фотофакт ҳам эсимиздан чқимаган.
Газетани эртага 21 февралдан бошлаб, киосклар, почта алоқа бўлимлари ва хусусий тарқатувчилардан сўранг.
Таҳририят.