Туркиянинг Анталия шаҳрида тайёргарликни давом эттираётган «Андижон» жамоаси бугун ўртоқлик учрашувида майдонга тушганлиги ҳақида хабар бергандик.
Жамоага янги футболчилар таклиф этилганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, Анталияда тайёргарлик кўраётган «Андижон» жамоаси бош мураббийи Александр Аверьнов билан учрашдик.
Клуб бош мураббийи Александр Аверьяновнинг айтишига қараганда, клубга бошқа янги футболчи ташриф буюрмас экан. «Фақатгина Александр Лактионов йиғинларимизга келиб қўшилди», деди клуб бош мураббийи.
«Яна бошқа янги футболчилар келиб қўшилишлари даргумон. Сабаби, Туркиядаги машғулотларимиз якунланиб бормоқда. Шунинг учун уларнинг ҳозир келгани билан фойдаси йўқ. Тўғри, тожикистонлик Фарҳод Тоҳировни ўйинларини кузатяпмиз, лекин у ҳали таркибимизда эмас».
«25 февраль куни «Амкар» клуби ўринбосарлари билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш таклифини ўртага ташлашмоқда. Қанча кўп ўйнасак, шунча кўп яхши, футболчилар бир-бирларини тушунишлари осон кечади. Унгача эса, яъни 23 февраль куни Украинанинг «Оболонь» клуби билан баҳс олиб борамиз», деди Александр Николаевич.
Одилбек ТОЛИПОВ,
Анталия.