Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Вазифа янада мураккаблашди

Баҳо:
+ | -

2012 йилги Лондон Олимпиадаси йўлланмаси учун асосий даъвогар бўлган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ва ушбу мусобақага бориш имконияти қолмаган Ироқ олимпия терма жамоалари ўртасидаги баҳс 2:1 ҳисобида майдон эгалари ғалабаси билан якунига етди.

Ушбу учрашувда олимпия терма жамоасининг бир қатор етакчи футболчилари майдонга туша олишмади. Хусусан, ҳимоячи Акбар Исматуллаев ўйни арафасида ташкил этилган машғулотлар вақтида жароҳат олган бўлса, қанот ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов бунгача Ўзбекистон – Ироқ (2:0) ва Ўзбекистон – Австралия (2:0) учрашувларида сариқ карточка олгани учун, Ироққа қарши жавоб учрашувини ўтказиб юбориши керак эди.

Шунга қарамай учрашувнинг биринчи бўлимида ташаббус деярли Ўзбекистон олимпия терма жамоаси тарафида бўлди ва бунинг самараси ўлароқ Абрамов шогирдлари 24-дақиқага келиб ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Навбатдаги бурчак тўпидан сўнг тўп Фозил Мусаевга келиб тушди, аммо «Насаф» ярим ҳимоячиси тўпни ироқлик ҳимоячиларга олдириб қўйди. Ўз навбатида, рақиб ҳимоячилари ўртасида ўзаро тушунмовчилик юзага келди — Мусаев тезда вазиятни ўз қўлига олиб, қаровсиз қолган тўпни Жалол Ҳасан Ҳошим дарвозасига тўғрилаб қўйди.

Қайд этиш жоиз, бунгача Иван Нагаев 20-дақиқада Ироқ дарвозасини ишғол қилганди, аммо учрашув бош ҳаками хитойлик Тан Хай «Динамо» ҳужумчиси бу вазиятда ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганини қайд этганди.

Олимпиячилар биринчи бўлимда ҳисобдаги устунликни сақлаб қола олишмади. Таймдаги тўхталишлар учун ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда «Бухоро» ҳимоячиси Бобуржон Омонов, дастлаб, рақиб футболчисига нисбатан қўпол ҳаракат қилгани учун сариқ карточка билан жазоланди. Орадан ҳеч қанча ўтмай эса, Омонов жарима майдончаси ичида Ироқ олимпия терма жамоаси ва Даниянинг «Оребро» клуби ҳужумчиси Аҳмад Ёсинни қўполлик билан тўхтатиб қолгани учун, Ўзбекистон дарвозасига пенальти белгиланди.

11 метрлик жарима тўпини Муҳаммад Саъд Абдуллоҳ аниқ амалга ошириб, нафақат ҳисобдаги мувозанатни тиклади, шу билан бирга, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси дарвозабони Санжар Қувватовнинг 585 дақиқалик қуруқ сериясини тўхтатди. Гап шундаки, «Машъал» посбони Олимпиада-2012 саралашининг 2 ва 3-саралаш босқичи доирасида шу кунгача ўтказилган жами олти учрашувдан бери ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб келаётганди.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида асосан тенг кураш борди, аммо ўйиннинг сўнгги дақиқаларида вакилларимиз ҳужумга берилиб кетишди. Бундан Ироқ терма жамоаси аъзолари унумли фойдаланиб қолишди. Учрашувнинг 88-дақиқаси ўтиб бораётган бир вақтда, Санжар Қувватов рақиб қарши ҳужумини бартараф этиш мақсадида ўз дарвозасини ташлаб чиқди, аммо тўпни керакли даражада узоқлаштира олмади. Тўп Ироқ терма жамоаси аъзоси Мустафо Аҳмадга келиб тушди ва у узоқ масофадан бўш қолган Ўзбекистон дарвозасини нишонга олди. Бу вазиятда дарвозадан жой олган Ислом Тўхтахўжаев ҳам терма жамоамизни голдан сақлаб қола олмади.

Ушбу натижадан сўнг «В» гуруҳида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 8 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Лондон йўлланмасини қўлга киритиш имконияти қолмаган Ироқ термаси ҳисобида эса 4 очко бор. Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг энг яқин таъқибчиси ҳамда асосий рақиби БАА термаси ҳисобида ҳам, ҳозирча, 8 очко бор. Олимпиада чиқиш умидини йўқотмаган австралияликлар эса 3 очко билан гуруҳда тўртинчи бўлиб туришибди.

5-тур доирасидаги гуруҳнинг иккинчи учрашуви 22 февраль, чоршанба куни БАА ҳамда Австралия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Жамоалар гуруҳ босқичидаги сўнгги тур учрашувларини 14 март, чоршанба куни ўтказишади. Шу куни Австралия ўз майдонида Ироқ олимпиячиларини қабул қилса, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда БАА олимпия термасини қабул қилади.

Олимпиада-2012 3-саралаш босқичи
«В» гуруҳи, 5-тур учрашуви
ИРОҚ – ЎЗБЕКИСТОН 2:1 (1:1)
Голлар: Муҳаммад Саъд Абдуллоҳ (45+2), Мустафо Аҳмад (88) — Фозил Мусаев (24).

ИРОҚ: 12. Жалол Ҳасан Ҳошим (с), 3. Али Баҳжат Фозил, 7. Саиф Салмон Ҳошим (11. Аҳмад Жаббор ал-Мажидий, 36), 16. Муҳанад Абдулраҳим Каррар (18. Амир Абдулҳусайн, 66), 6. Исмоил Довуд, 9. Муҳаммад Саъд Абдуллоҳ, 14. Мансур ал-Мунтафиқ (8. Жавод Козим Хантуш, 77), 2. Волид Салим ал-Ламий, 5. Аббос Қосим ал-Каъбий, 10. Аҳмад Ёсин, 15. Мустафо Аҳмад Абдуламир.

ЎЗБЕКИСТОН: 12. Санжар Қувватов, 3. Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, 4. Салим Мустафоев, 5. Ислом Тўхтахўжаев, 15. Бобуржон Омонов, 7. Ойбек Қиличев, 8. Шерзодбек Каримов, 13. Олег Зотеев (10. Жавлон Иброҳимов, 85), 18. Фозил Мусаев, 9. Кенжа Тўраев (11. Темурхўжа Абдухолиқов, 77), 16. Иван Нагаев (6. Дилшод Раҳматуллаев, 54).

Бош ҳакам: Тан Хай (Хитой).
21 февраль. «Ал-Араби» стадиони. Доҳа, Қатар.

Киритилди: 20:43, 21.02.2012.
Ўқилди: 19468 марта.
Фикрлар: 122 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.