“Бунёдкор” футбол клуби миллионлар ўйини ишқибозлари учун яна бир янгиликка қўл урди, дея хабар тарқатмоқда клуб расмий сайти.
Манбада ёзилишича, “Бунёдкор” ФК мамлакатимиз футболи тарихида ҳали қўл урилмаган янгилик - чипталарни веб-сайт орқали сотишни йўлга қўйди. Бундан-буён “қалдирғочлар”нинг уй учрашувларига кириш ҳуқуқини берувчи чипталарни уйингизда ёки иш жойингизда сотиб олишингиз мумкин.
Жамоа расмий веб-сайтининг “Чипталар” бўлими орқали “Жар” стадионининг ўзингизга қулай бўлган жойини тангланг ва махсус жадвални тўлдирган ҳолда чиптага буюртма беринг. Шундан сўнг махсус жадвалдаги тўлдирган маълумотларингиз асосида Сиз билан клуб кассири боғланади. Буюртма қилган чипталарингизни “Жар” стадиони атрофидаги “Интернет-чипта” номли махсус кассадан олиб кетишингиз мумкин. Шунингдек, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчилар учун чипталарни айтилган манзилга етказиб бериш хизмати ҳам кўзда тутилган.
Интернет орқали банд қилинган чипталар учрашув бошланишига 4 соат қолгунча харид қилинмаса, эркин савдога чиқариб юборилади.
Чипталарни нақд пулга ва пластик карточкалар орқали харид қилиш имкони мавжуд.