Бугундан эътиборан Олий ва биринчи лига клублари Ўзбекистон профессионал футбол лигасидан рўйхатдан ўтишни бошлашди.
Ўтган йил якунларига кўра Олий лигага қайтган Тошкентнинг «Локомотив» клуби биринчилардан бўлиб ПФЛга ташриф буюрди. Маълум бўлишича, клуб Хорен Оганесянни бош мураббий сифатида рўйхатдан ўтказа олмаслиги мумкин. ПФЛ йўриқномасига кўра Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ҳорижий мутахассислар «Про» лицензиясига эга бўлиши керак. Жамоага олиб келинган Оганесян «Про» лицензиясини олиб улгурмаган. Шу сабабли «Локомотив» бош мураббий сифатида Равшан Муқимовни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Мураббийларга тақдим этиладиган «А» лицензияга эга бўлган Муқимов Олий лига клубларини бошқариш ҳуқуқига эга.
Айни пайтда «Локомотив» уч нафар легионер футболчини рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг ҳар учаласи ҳам ярим ҳимоя вакиллари экани эътиборга молик. Арманистонлик бўлган Жора Оганесян ҳужум ортида ҳаракат қилса, унинг ватандоши Ромик Хачатарян таянч ярим ҳимоячиси вазифасида ўйнайди. Рухсат этилган бир нафар осиёлик легионер лимити туркманистонлик Максим Казанков ҳисобига тўлдирилиши катта эҳтимол.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, айни пайтда «Локомотив»нинг БААдаги йиғинида яна икки нафар ҳорижий легионер кўрикда бўлиб турибди. Олинган хабарга кўра клуб асли чадлик бўлсада Франция фуқаролигига эга бўлган Муҳаммад Бинди Мустафо билан яқин кунлар ичида шартнома имзолаши мумкин. Агар бу хабар ўз тасдиғини топса, «Локомотив» легионер футболчиларнинг 3+1 кўринишидаги лимитидан тўлақонли фойдаланган бўлади. Шунингдек «темирйўлчилар» кўригида Кот-д‘Ивуарлик футболчи ҳам иштирок этмоқда.
Олий лига клублари футболчиларининг якуний рўйхати 14 март санасида тўлиқ ҳал бўлади.