21 февраль куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Ироққа имкониятни бой берган бўлса, эртаси куни асосий рақибларимиздан бири БАА Австралияни минимал ҳисобда таслим қилди. Натижада Амирлик ОАВ гуруҳдаги вазиятни яхшилаб ҳисоб-китоб қилмай, хатога қўл уришди. Улар Лондон-2012 йўлланмаси муддатидан олдин қўлга киритилгани ҳақида бутун мамлакатга жар солишди.
Ушбу хабардан сўнг Абу Даби, Дубай, Шаржа ва бошқа шаҳарларда мухлислар «тарихий ғалаба»ни оммавий тарзда нишонлашга киришиб кетишди. Орадан бир неча соат ўтганидан кейин ОАВ хатосини тушуниб етди. Шундан сўнг масалага обьектив ойдинлик киритган ОАВ олимпиядага тўғридан-тўғри йўлланма тақдири 14 март куни Тошкентда ҳал бўлиши ҳақида маълумот берди.
БААда олимпия терма жамоасига қизиқиш ниҳоятда юқори эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Барча маҳаллий мухлислар фикрига кўра бугунги олимпия терма жамоаси сафида мамлакатнинг энг истеъдодли футболчилари йиғилган ҳамда улар Лондон олимпиадасида қатнашишлари шарт. Лондон-2012 йўлланмасини қўлга киритиш учун Тошкентдаги ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини тушуниб етган маҳаллий шайхлардан бири Абу Даби радиосига берган интервьюсида 14 март куни БАА терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун 5та самолёт тўла мухлисларни Тошкентга ўз ҳисобидан юборишни мақсад қилганини айтиб ўтган. Бу ваъданинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини 14 март куни билиб оламиз.
Бахтиёр Маметов
БАА, Дубай