Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Дэвид Ония: «Пул учун бошқа чизиқда ўйнай олмасдим»

Баҳо:
+ | -

Беш мавсумдан бери миллий чемпионатимизда «Динамо» шарафини ҳимоя қилган ва янги мавсумни амалдаги чемпион «Бунёдкор» сафида бошлаши кутилган нигериялик футболчи Дэвид Ония яна самарқандликлар сафига қайтди. Клубнинг пойтахтимизда ўтказаётган ўқув йиғинларига келиб қўшилганига ҳали кўп бўлмаган эрсада, Ония назорат учрашувларида аллақачон икки марта «Динамо»ни сардор сифатида майдонга бошлади. Куни кеча футболчи клуб расмий сайтига интервью берди.

- Дэвид, сўнгги икки ойни «Бунёдкор» билан ўтказдингиз. Янги жамоа, янги муҳитда мослашиш анча қийин кечганлиги аниқ…

- Ҳар ҳолда осон бўлмади. «Бунёдкор» билан Дубайда ўтказилган йиғинда иштирок этдим. Барча футболчилар қатори ўзимни кўрсатишга интилдим. Бироқ, у ерда ишим унчалик юришмади. Дастлабки ўйинлардан бошлаб яримҳимояда тўп суришимга тўғри келди. Биринчи марта таянч яримҳимоячиси сифатида тўп суришим туфайли жамоа ўйинига мослаша олмадим. Қолаверса, ўша баҳсларда «Зенит», «Шахтёр» сингари кучли клубларга қарши ўйнагандик. Нима ҳам дердим, «Бунёдкор» мен учун тажриба бўлди.

- Жамоани тарк этишга қачон қарор қилдингиз?

- Клуб сафида дастлабки йиғинда иштирок этганимдан сўнг жамоада кўп қолмаслигимни тушунгандек бўлдим. Мени ўрнимда бошқа футболчи бўлганда ҳам клубни тарк этиши кераклигини тушунарди. Ҳар ҳолда футболчи ўзини мажбурлаб умуман бегона чизиқда тўп сургиси келмайди. Балки фақат пул учун шундай қилиш мумкиндир. Аммо мен ўзим учун ҳам ўйнашни маъқул топдим ва жамоадан кетишга қарор қилгандим. «Бунёдкор»дан кўра кўпроқ «Динамо»га керак эдим.

- Айнан қайси сабаб «қалдирғочлар» сафида тўп сура олмадим деб ўйлайсиз?

- Тошкентликлар таркибида ҳимояда эмас, яримҳимояда тўп суришим керак эди. Бутун фаолиятим давомида ҳимояда тўп сурганлигим боис, бу чизиқ мен учун бегона эди. Айнан шу сабаб у ерда ишим юришмади.

- Дарҳақиқат сизни илк бор яримҳимояда кўргандик. Бу жамоада ҳимоячилар кўплиги учун эдими ёки яримҳимоячилар танқислиги сабабми?

- Иккаласи ҳам. Жамоада ҳимоячилар етарли эди ва мураббийлар мени кўпроқ яримҳимояда синаб кўришди.

- «Бунёдкор» билан Туркиядаги йиғинда иштирок этмаганлигингиз нима билан боғлиқ эди?

- Бу виза билан боғлиқ муаммо эди. Менга Туркияга бориш учун айрим ҳужжатларни тайёрлашим, кечроқ бўлсада жамоа йиғинига қўшилишимни айтишди. Бу орада «Бунёдкор»дан кетишга қарор қилиб бўлгандим.

- Клуб раҳбарияти, мураббийлар, футболчилар билан муносабатингиз қандай эди?

- Яхши эди. Йигитлар билан ҳам аҳил муносабатда эдик.

- «Динамо»дан таклиф қачон тушганди?

- Таклиф олдиндан бор эди. Айниқса, «Бунёдкор» билан Туркия йиғинига бормаганимдан кейин «Динамо» бош мураббийи Аҳмад Убайдуллаев билан гаплашдим. Аҳмад ака менинг жамоага керак эканлигимни айтганидан сўнг, собиқ жамоамга қайтишга қарор қилдим. Самарқанд она шаҳримдек бўлиб қолган. У ерда ҳеч ким менга бегона эмас. Шундай экан ўйлаб ўтирмай жамоамга қайтдим.

- «Бунёдкор» билан шартномангиз мавжуд. Демак, «Динамо»да ижара асосида тўп сурасиз ёки пойтахтликлар билан амалдаги шартномани бекор қиласизми?

- Мен ижара асосида тўп суришни хоҳламайман. Шунинг учун «Бунёдкор» билан ўртадаги шартномамни бекор қилмоқчиман. Кейин «Динамо» билан шартнома имзолайман.

- Ўтган йили «Динамо»ни тарк этаётганлигингизда «Бунёдкор»дан ташқари «Пахтакор» ҳам сизни ўз сафида кўришни хоҳлаганди. Айтингчи, «Бунёдкор»дан кетаётганлигингизда «Пахтакор»дан таклиф тушмаганмиди?

- «Бунёдкор»ни тарк этаётганлигимда фақат «Динамо»га қайтишга қарор қилгандим. Бу жамоага меҳрим баланд, футболда, ҳаётимда нимага эришган бўлсам барчаси «Динамо» билан, Самарқанд билан боғлиқ. Чунки шу ерда оилали бўлдим, фарзандим ҳам Самарқандда туғилди, ўзим ҳам шу шаҳарда яшайман. Қолаверса, таклиф бўлган тақдирда ҳам «Бунёдкор»нинг мени «Пахтакор»га қўйиб юборишига ишониш қийин. Шунингдек, «Пахтакор» ҳам ҳозирда таркиб борасида барчасига аниқлик киритишга улгурган бўлса керак.

- Эндиги режа ва мақсадлар қандай?

- Чемпионат бошланишига ҳам оз вақт қолди. Ҳозирда «Динамо» билан машғулотларга зўр бераяпмиз. Барчамиз мухлисларимиз ишончини оқлаш учун пухта тайёргарлик кўраяпмиз. Таркибимиз анча кучли кўриниш олган. Мухлисларимиз ҳам бизни ҳар йилгидан ҳам яхши қўллаб-қувватлашларига ишонаман.

- Сўнгги савол. Айтингчи, «Бунёдкор»га ўтишим хато бўлди, деб ўйлайсизми?

- Хато? Йўқ. «Бунёдкор»га ўтишимни фаолиятимда йўл қўйган хатоим деб ўйламайман. Чунки, янада ўсиш, янада ривожланиш учун таваккал қилиш керак, деган фикрдаман. Акс ҳолда бир жойда қотиб қолиш мумкин. Билмадим, балки шошгандирман. Бироқ, беш йиллик фаолиятимдан сўнг муҳитни ўзгартириб янада ўсиш керак деган фикрда эдим. Энди ўз устимда ишлашни яна икки карра кўпайтираман ва вақти келиб юқори мақсадлар учун интилишда давом этаман.

Усмон Ибодов суҳбатлашди

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 18:25, 24.02.2012.
Ўқилди: 10484 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.