Бугун «Олмалиқ» жамоаси Биринчи лига вакили «НБУ-Осиё» жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган «Ёшлик» спорт мажмуасида Самарқанднинг «Динамо» жамоаси билан назорат баҳсида куч синашди.
Учрашувда томонлар бир мартадан гол уриб, муросага келишди. «Динамо» таркибида Зафар Полвонов, Баҳодир Муртазоев каби футболчилар жароҳат олганликлари боис учрашувни ўтказиб юборган бўлсалар, «Олмалиқ» жамоасидан Исроил Эргашев, Азамат Исроилов ва Фаррух Нурлибоевлар янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-22) йиғинларига чақирилганлиги боис бу ўйинда жамоага ёрдам бера олишмади. Шунингдек, Ильдар Юлдашев ҳам жароҳат сабаб таркибда кўринмади.
Янги мавсум олдидан ташкил этилган сўнгги йиғин арафасида Литвадан таклиф этилган Тадас Гражюнас ва Эдигижус Мажусга ҳам жавоб берилди. «Олмалиқ» таркибига ўтган йил биринчи лига вакили «Ерқўрғон» жамоасида тўп сурган Тоҳир Каримов қўшилди.
ОЛМАЛИҚ – ДИНАМО 1:1 (1:0)
Голлар: Дарко Станоевич 5 – Дилявер Абибуллаев 48.
«Олмалиқ»: Тимур Ғаниев (Павел Харчик, 46), Баҳром Юлдашев (Тоҳир Каримов, 67), Евгений Гоголь, Дарко Станоевич, Ориф Мамажонов (Миржалол Қурбонов, 46), Суҳроб Бердиев (Расул Шуҳратов, 67), Артём Никитенко (Зафар Тўраев, 81), Достон Абдураҳмонов, Ринат Байрамов (Санжар Шоаҳмедов, 46), Александр Востриков (Маъруф Муродов, 46), Жаъфар Ирисметов (Абдураззоқ Жўраев, 46).
«Динамо»: Андрей Мельничук, Жамол Отақулов (Сирож Сайфиев, 46), Аҳрол Рисқуллаев, Дэвид Ония, Мурод Ҳамроев (Акмал Бозоров, 83), Андрей Ерохин, Суннатилла Мамадалиев (Умид Абдураҳмонов, 46), Леонид Кошелев, Жасур Бобоев, Дилявер Абибуллаев, Рўзим Аҳмедов.
Ҳакам: Шуҳрат Ҳакимов.