Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

«Пул билан битмаган иш, катта пул билан битади» ёхуд «Ньюкасл»ни харид қилганлар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Кеча тунда дунё нашрларида футбол оламини енгилгина “титратиб” юборган хабар пайдо бўлди. АПЛ расман “Ньюкасл” Саудия Арабистони ҳукумати сармоявий жамғармаси (PIF – Public Investment Fund) томонидан харид қилингани ҳақида эълон қилди. Ушбу қиролликнинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон раҳбарлик қилувчи бу фонд молиявий жиҳатдан сайёрранинг энг баққуват тузилмаларидан бири экани рост. Рақамларга қаралса, тақрибан 500 000 000 000 (беш юз миллиард) АҚШ долларидаги активларга эгалик қилувчи бу компаниянинг АПЛ клубини сотиб олиши нимани англатади? Яқин йиллар ичида дунё “Челси”, “Манчестер Сити” ёки ПСЖ каби динамик ўсишга эришувчи, таркибида супер юлдузлар тўп тепувчи жамоа яратилишига гувоҳ бўладими Келинг, бир бошидан.

2021 йил PIF тузилганига 50 йил тўлди. “Араб мамлакатлари  фақат нефтга боғланиб қолган, охири кўрина бошлаган бу ресурс тугаб борар экан, бу мамлакатларда ҳам иқтисодий ночорликлар юзага келади”, деган гапни эшитганмисиз? Бу – чалғитувчи стереотип!

Ўтган аср 60-70 йиллариданоқ углеводород захираларига бой бўлган араб мамлакатлари узоқ келажак учун стратегик режалар тузган бўлиб, Саудия Арабистони Қироллиги ҳам бундан мустасно эмас. PIF мана шу мақсадда тузилган жамғармадир. Ўтган давр мобайнида фонд дунёдаги энг тез ўсаётган ўнлаб соҳалардаги юзлаб компаниялир акциялари соҳибига айланиб улгурган. Айниқса XXI асрда ҳаммаси тезлашиб кетди. Softbank, Citigroup, Tesla, Boeing, Disney, Bank of America, Berkshire Hathaway ва Uber. Фонд бу машҳур компаниялар акцияларининг миноритар (50 фоиздан кам) пакетига эгалик қилади. Ва бу ҳали тўлиқ рўйхат эмас, албатта.

Жамғарма салобатини яқинроқдан кўрсатиб берувчи яна бир мисол. Самолётлари билан бутун оламга машҳур Boeing компаниясини биласиз. Саудия жамғармаси биргина бу компаниянинг (кичик миқдордаги) акциялари учун 713 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу пулга “Ньюкасл” каби клубдан иккитасини харид қилиш мумкин. Қайтимига эса Чемпионшипдан бирор жамоани ҳам қўшиб олса бўлади.

Хуллас, ҳақиқатдан ҳам АПЛдаги мавжуд ўйинчилар орасига ўта жиддий янги ўйинчи қўшилаётгани бор гап. Аммо...

Юқоридагилар клуб бирдан парвоз қилишини, келаси мавсумдан бошлаб бу ерда Мбаппе ёки Холанд сингари юлдузлар тўп тепа бошлашини англатадими, деган саволга жавоб беришга шошмаган бўлардим. Боиси АПЛ клуб бўйича келишувга маълум шартлар эвазига рози бўлган. Маълум қилинишича, Саудия Арабистони қироллик оиласи клубни назорат қилолмайди. Бу ишни махсус тузилган PCP Capital Partners и RB Sports & Media компанияси амалга оширади. Бу эса ишларни анча секинлаштиради. Боз устига топ футболчилар келиши учун “Ньюкасл” пуллардан ташқари ҳали ўзига репутация ишлаши лозим. Ҳатто, таркиб бирданига кучайтирилса ҳам жамоа чемпионлик даражасига бирданига чиқиши қийин деб ўйлайман. Масалан, “Манчестер Сити”да шайхлар раҳбариятга келиши билан дарҳол эмас, 5 йил ўтиб илк чемпионлик нишонланган. Агар кимдир ўзим изланаман деса, 2010 йилларда Испаниянинг “Малага” ҳамда Қатар амирлик оиласи ўртасидаги кейсни ўргансин, чунки бу вариант ҳам бўлиб қолиши ҳеч  гап эмас.

Лекин, пул ҳал қилмаган ишни, кўпроқ  пул ҳал қилади, дейсизми? Ҳақсиз! Мана ҳал қилди-ку...

Кузатамиз.

Ориф Толипов.

Манба: https://t.me/tolipovuz
Киритилди: 07:00, 08.10.2021.
Ўқилди: 8350 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.