Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам Миллатлар Лигасининг Испанияга қарши ҳал қилувчи ўйини олдидан ўз фикрларини билдирди.
"Аминманки, Испания ҳимояда 4 нафар ўйинчи билан ҳаракат қилади ва ҳозирги таркибимиздан афзаллик ҳамда камчиликларни тарозига қўйишим керак. Улар Италияга қарши кўпроқ 4-4-2 схемаси асосида ўйнашди.
Орқадаги учлик фақат ҳимоя ишлари билан шуғулланмайди. Бу рақиб мудофаасига хавф соладиган ҳужумкор блокни яратишга ҳам имкон беради. Бундан ташқари майдон марказида кенгроқ ўйнаш мумкин".
Дешам Гризманнинг терма жамоа сафидаги 100-ўйини ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: Узоқ вақт сафда бўлиш фақат ўйинлар сонига қараб баҳо берилмайди. Унинг самарадорлиги, урган голлари ва юзага келтирган хавфли вазиятларига қаранг. Бахтимизга у жароҳатдан ҳоли қолди ва бу давом этишига умид қиламан. У биз учун жуда яхши ўйин намойиш этади.
Дешам Погба ҳақида: Полга ҳимоявий мажбуриятларни бермоқчи эмасман. У бутунлай ҳужумкор ярим ҳимоячи ва ўйинда ўзгариш қила олади. Аммо, у шунингдек ҳимояда ҳам соз ўйнай олади.
Дешам Испания терма жамоаси ҳимоячиси Эмерик Лапорт ҳақида: У билан гаплашишга имконим бўлмади. У учун хурсандман. У Еврода ўйнади. У биз билан эди, энди эса Испания учун ўйнайди. Бу унинг танлови ва буни ҳурмат қиламан. Ҳатто бизнинг йўлларимиз эртага кесишса ҳам, бу унинг танлаган йўли.
"Испанияни тўпдан маҳрум қилишнинг иложи йўқ. Тўпга эгалик қилиш уларнинг қонида бор. Сиз босим ўтказа оласиз, аммо фақат олдин бўлгани каби эмас. Улар ҳатто босим остида бўлишса ҳам, бундан чиқиб кета олишади. Улар шунингдек, Италия билан ўйинда тўпни йўқотишганда яхши босим ўтказа олишди.
Энг яхши тасалли - бу ғалаба. Ярим финал оқшомида кўплаб ўйин-кулгу ва хурсандчилик бўлди. Бу эртаси куни ҳам аъло кайфиятда бўлишимизни билдирарди. Бу ҳаммага ишонч берди. Биз кўрсатган сифатдан ташқари, шунингдек руҳий кучимизни ҳам намойиш этди.
Испания ўз ўйин сифатини сақлаб қолди. Бизнинг тажрибамиз кўпроқ, лекин бу бизга ҳеч қандай кафолат бермайди. Биз у ерга бориб совринни қўлга киритишимиз учун барча тўғри ингредиентларга эга бўлишимиз керак", - деди Дешам.