Футболда жамоа ва футболчи бир бирини тушуниб, қўллаб-қувватлайдиган вазиятлар учраб туради.
Бир неча йиллар мобайнида Самарқанднинг “Динамо” жамоаси сафида ўйнаб келган маҳоратли легионер Дэвид Ония мавсумолди тайёргарлик жараёни бошларида мамлакатимиз чемпиони сафида пайдо бўлганди. Нигериялик футболчи Миржалол Қосимов қўл остида Тошкентда ўтган тикланиш машқларини олиб борди. Шундан сўнг Ония “Бунёдкор” аъзолари билан Бирлашган Араб Амирликларига йўл олди ва у ерда “Dubai Matchworld Cup 2012” турнирида иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, Дэвид учрашувлар давомида мураббийлар томонидан берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажариб, машғулотлар мобайнида сидқидилдан иштирок этди.
Кейин виза билан боғлиқ муаммолар туфайли у Туркияда ўтган йиғинга бора олмади. Анталия олиб борилган икки ҳафталик йиғин мобайнида мураббийлар штаби бошқа бир неча хорижлик футболчиларни кўрикдан ўтказишди ва улар орасидан Словакия, Австралия ҳамда Қозоғистон фуқаролари бўлган футболчиларни жамоада олиб қолишга қарор қилишди.
Дэвид Ония бир неча йиллар давомида марказий ҳимоячи сифатида ўйнаб келган. Айни дамда “Бунёдкор”нинг марказий мудофа чизиғида Хайрулла Каримов, Славолюб Жоржевич, Анвар Ғофуров ва Артём Филипосян ҳаракат қилишмоқда. “Қалдирғочлар” сафида таянч ярим ҳимоя чизиғида ўйнаган Ония янги амплуада ўзини у қадар яхши ҳис этгани йўқ. Шунинг учун ҳам Дэвиднинг асосий таркибга киришига борасида кафолат бўлмади. Вазиятни тушунган футболчининг агенти “Бунёдкор” ФКга расмий ариза ёзган ҳолда ўртада тузилган шартномани бекор қилиш борасида мурожаат этди. Клуб раҳбарияти бундай вазиятда футболчини қўллаб-қувватлаб, унга пешвоз чиқди. Томонлар ҳеч қандай даъвосиз ўртадаги келишувни бекор қилишди.
Дэвид Ония журналистлар саволларига жавоб қайтарар экан, “Бунёдкор”да ўтказган қисқа муддатли фаолияти мобайнида унга нисбатан мураббийлар, футболчилар ҳамда клубнинг бошқа тизимларида фаолият олиб бораётган ходимлар жудаям яхши муносабатда бўлишганини фақатгани янги амплуада ўйнаш унга қийинчилик туғдирганини таъкидлаб ўтди.
Шу тариқа, “Бунёдкор” футболчининг бошқа жамоада фаолият олиб боришига имкон яратиб берди. Ония айни дамда ўз ўйинлари билан яна Самарқанднинг “Динамо” жамоаси мухлисларини хурсанд этишга тайёргарлик кўряпти. Биз Дэвидга янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз ва ишонамизки унинг мамлакат чемпиони сафида ажойиб дўстлари қолди.