Декабр ойида “олтин тўп” топшириш маросими бўлиши ҳақида хабарингиз бўлса керак. Лекин келинг, бу сафар ўша соврин ҳақида эмас, аксинча бошқа ютуқ ҳақида гаплашсак. Аксарият жамоа мухлислари рақиб жамоасининг футболчиларини ёқтирмайди ва шу туфайли уларни олқишлашмайди. Stadion.uz қуйида меҳмонда рақиб жамоаси мухлисларидан олқиш олган юлдузлар ҳақида фикр юритади.
Месси ва “Бетис” мухлислари
Ўша пайтда Испания чемпионати пешқадами бўлиб турган каталонияликлар “Бенито Вильямарин”да меҳмон бўлишган эди. Якунда “Барселона” рақибини 1:4 ҳисобида таслим этган ва ўша ўйинда Лео 3та гол урган эди. Унинг ҳар бир голи жуда ҳам чиройли бўлганди. Аввалига Месси жаримадан тўп киритганди. Кейин эса Суареснинг пасини дарвозага жойлаб қўйган Мессининг якуний голи дахшатли гол бўлганди. “Парашют” зарбани моҳирона йўллаган “сеҳргар”нинг зарбасини Пау Лопес қайтара олмаган эди. Шу гол нишонланиш пайтида ғайриоддий ҳолат юз берди. Яшилга бурканган стадиондаги ҳар бир мухлис ўрнидан туриб Леони олқишлашар эди. Менимча, футболчи учун рақиб жамоаси дарвозасига гол киритиб улардан олиқиш олишданда яхши соврин бўлмаса керак. “Бетис” мухлислари Мессини ҳақорат ҳам қилмади. Шунчаки олқиш жараёнида “Барселона” мухлислари билан биргаликда Месси ҳақидаги қўшиқни куйлашди. Бунақаси кам бўлса керак. Месси ҳам ўйин якунига етгач, “Бетис” мухлисларига миннатдорчилик билдирган.
Роналдиньо ва “Реал” мухлислари
Бунақаси тарихда саноқли бўлса керак. Азалий рақиблар ўртасидаги баҳсда рақиб жамоасининг футболчисига тан бериб, олқишлаши кузатилиши албатта тарихий воқеа. Роналдиньо “Сантьяго Бернабеу”да олқиш олган кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади. 2005 йил бўлиб ўтган баҳсда “Барселона” меҳмонда “Реал”ни 0-3 ҳисобида мағлуб этган эди. Бразилиялик ўша учрашувда 2 бор гол киритган ва иккиси ҳам ақлбовар қилмас даражади гол бўлган. Айниқса Икер Касильяснинг дарвозасига киритилган иккинчи голдан сўнг бутун “Бернабеу” оёққа туриб “афсунгар”ни олқишлашган. Ҳақиқатдан Роналдиньонинг ўйинига тан бермаган мухлис бўлмаса керак. Роналдиньо кейинчалик ҳам бу ҳодиса ҳақида гапириб бундан фахрланишини таъкидлаган.
Диего Марадона ва “Реал” мухлислари
“Реал”нинг мухлислари рақиб кучига тан беришни ҳам билишади. Албатта бундай мухлислар футболда ҳамма жамоада ҳам мавжуд эмас. “Реал” ишқибозлари тан берган ва олқишлаган яна бир “Барселона” футболчиси бу Диего Марадона ҳисобланади. 1982/83 йилги мавсумда “Сантьяго Бернабеу”даги ўйинда Диего дарвозабонни ҳам ҳимоячиларни ҳам осон доғда қолдириб рақиб дарвозасини ишғол қилганда мадридликлар уни олқишлашган. Менимча, Диего Армандо Марадонани нафақат ўша ўйин, балки футболга бераётганлари учун ҳам олқишлашган. Марадонани футбол тарихидаги икки даҳонинг бири деб ҳисоблашлари бежиз эмас.
Икер Касильяс ва "Ливерпуль" мухлислари
Касильяс бу олқишларни “Порту” сафида олган. Икер жамоаси билан “Энфилд”га қадам қўяётган пайтида “Ливерпуль” мухлислари уни олқишлаган. Шунчаки Икер ҳам афсонавий дарвозабон ва бу олқишлар уни анча ҳурсанд қилган. Касильяснинг фаолияти учун олқишлаган “Ливерпуль” мухлисларига кейинчалик Икернинг ўзи миннатдорчилик билдирган. ““Ливерпуль” мухлисларига ўйиндаги иштироки ва футболчиларни ҳурмат қилгани учун миннатдорчилик билдираман. Биласизми, мен бир неча йиллардан буён Чемпионлар лигасида ўйнаб келаман, шунинг учун айтишим мумкинки, бундай стадионга келиш ва уй мухлисларининг сенга нисбатан қарсакларини эшитиш ақл бовар қилмас нарса."
Аллессандро дель Пьеро ва “Реал” мухлислари
Мадридликлар олқишлаган яна бир юлдуз бу дель Пьеро ҳисобланади. У “Сантьяго Бернабеу”да икки гол киритиб рақиб мухлисларидан олқишлар эшитганда 34 ёшини қарши олишга яқин турганди. "Бундай стадионда иккита гол уриш ўз-ўзидан ажойиб, лекин ростини айтсам, мени бундай илиқ кутиб олишни кутмаган эдим. Бунинг учун "Реал Мадрид" мухлисларидан миннатдорман, бу унутилмас туйғулар. " Алессандро ўйиндан сўнг шундай деган эди.
Криштиану Роналду ва "Ювентус" мухлислари
Португалияликнинг “Ювентус” дарвозасига киритган фантастик голи ҳамманинг ёдида бўлса керак. Ўша голдан сўнг туринликлар Чемпионлар лигасидан хайрлашишлари аниқ бўлиб улгурган эди. Лекин шунда ҳам мухлислар Кришни олқишлаган эди. Роналду келаси мавсумда Туринга келишини ҳеч ким билмас эди ўшанда. Албатта унинг бундай ажойиб голини олқишламаслик мумкин эмасди.
Бундай ҳолатлар балки футбол тарихида жуда кўп бўлгандир. Лекин юқорида энг эсда қолганларига тўхталиб ўтдим.
Миржалол Пардабоев тайёрлади