Хабарингиз бор, Фарғонанинг "Нефтчи" Про Лига баҳсларида муддатидан аввал чемпион бўлиб Суперлига йўлланмасини қўлга киритишди. Кечаги "Динамо" билан ўйиндан сўнг (2:1) эса фарғоналиклар бош мураббийи ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Аввалом бор, бугунги ғалаба билан Фарғона аҳлини, футболчи ва мураббийларни табриклайман. Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, чемпионликка эришиш осон кечмади. Ҳар бир учрашувга охирги ўйинга чиққандай жанг олиб бордик ва шунча қилинган меҳнатдан кейин охирида бир қадам қолганда қийин бўлишини билардик. Лекин, йигитларимиз барчасини уддаладилар. 90-дақиқага келиб ғалаба тўпини киритган Шерзод Каримовга алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Раҳбарият томонидан олдимизга қўйилган масъулиятли вазифани бажардик ва чемпионликни қўлга киритдик. Бундан кейин ҳам 3та ўйинимиз бор. Мазкур баҳсларга ҳам астойдил тайёргарлик олиб борамиз.
Вилоят ҳокими Ҳайрулло Ҳайитбоевич Бозоровга яратиб берилган имконият ва шароитлар учун жамоамиз номидан каттадан-катта раҳматлар айтиб қоламиз. Суперлигага 3 йилдан бери чиқа олмаётган жамоа вилоятимиз ҳокими Ҳайрулло Бозоровнинг катта эътибор ва ғамҳўрликлари эвазига бу йил ушбу вазифани бажардик ва мақсадимизга эришиб,чемпион бўлдик.
Кейинги беллашувларда ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчиларга ҳам имконият бериб, уларни майдонга туширамиз. Легионерларимизнинг декабрь ойи охирига қадар жамоа билан тузган шартномалари мавжуд. Улар мавсум якунигача жамоа билан ишлашда давом этишади",-деди бош мураббий.