Ўзбекистоннинг 20 ёшгача бўлган қизлар терма жамоаси U19 терма жамоасига айлантирилганидан хабарингиз бор. 2012 йилда ушбу ёш тоифасида қизлар терма жамоаси учун Осиё чемпионатига саралаш баҳслари ўтказилса, 2013 йилда қитъа чемпионати бўлиб ўтади.
Шу йилнинг 22 март куни эса саралаш баҳсларига қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Рейтингда паст кўрсаткичга эга бўлган 12та жамоа 3та гуруҳга бўлинади. Жануби-Шарқий Осиёнинг 4та — Хитой Тайпейи, Мьянмар, Филиппин ва Гонконг терма жамоалари қуръасиз "С" гуруҳидан жой олишади. Қолган 8та жамоа — Ўзбекистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Тожикистон, Эрон, Иордания, Фаластин ва Қирғизистон термалари қуръа натижасида "А" ва "В" гуруҳларига бўлинишади. Мазкур саралаш ўйинлари 13-18 октябрь кунлари ўтказилади.
Ҳар бир гуруҳдан 2тадан терма жамоа кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритади. Бу олти жамоа сафида биринчи босқичдан озод қилинган Вьетнам ва Таиланд терма жамоалари қўшилишади. Саккиз жамоа иккинчи босқичда 2та гуруҳга бўлинишади ва гуруҳ ғолиблари Осиё чемпионати йўлланмасига эга бўлишади. Бу ўйинлар 1-9 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Финал босқичи эса 2013 йилнинг 1-13 октябрь кунлари ташкиллаштирилади. Япония, КХДР, Хитой, Жанубий Корея ва Австралия терма жамоалари тўғридан-тўғри қитъа чемпионатида иштирок этишади. Улар сафига мезбон давлат термаси ҳам қўшилади.