Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Хамес Родригеснинг «синиши» ёхуд колумбиялик футболчи Қатар чемпионатига қандай келиб қолди?

Баҳо:
+ | -

Бир неча йиллар кетма-кет Хамес Родригес ўз карьерасини қайта тиклашга уриниб кўрди, лекин доимо нимадир унга тўсқинлик қиларди. Колумбияликнинг «Реал»даги фаолияти бахтсиз якун топди, «Бавария»да ўз ўрнини топа олмади ва ҳаттоки анча паст даражада бўлган клуб - «Эвертон»ни ҳам тарк этди. Бир неча ҳафта олдин яримҳимоячи Қатарнинг «Ал-Райян» жамоасига кўчиб ўтди. «Ирислар» яримҳимоячи учун 8 миллион евро олди. Бу трансфер жуда кутилмаган бўлди дейиш мумкин. 2014 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари 30 ёшида жаҳон футболидан четда қолади деб ҳеч ким ўйламасди. Аммо, «майдон текис, тўп юмалоқ» ибораси бекорга айтилмаган.

Хамес Европада майдонларида пайдо бўлганидан кейин, унинг карьераси тез ривожланди. 2010 йил июль ойида Родригес Аргентинанинг Банфилд шаҳридан Португа кўчиб ўтди ва ўша пайтда трансфер суммаси 7,5 миллион еврони ташкил қиларди. «Аждарлар» билан ўтган биринчи мавсум яримҳимоячи учун унчалик самарали бўлмади. Аммо, кейинги икки йилда у гол + пас тизимида 22 ва 20 балл тўплади. 2013 йил июль ойида «Порту» «Монако»га футболчисини 45 миллион еврога сотди. Францияда колумбиялик яна бир ажойиб мавсумни ўтказди (9 гол ва 14 голли узатма) ва бир йилдан сўнг «Реал»га кўчиб ўтди. Француз клуби футболчи учун 75 миллион евро олди.

«Қироллик клуби» таркибидаги биринчи мавсум Хамеснинг фаолиятидаги энг яхши давр бўлди. Родригес Ла Лигадаги дастлабки мавсумда 13 та гол ва 13 та голли узатмани амалга оширди. Кейинги йили яримҳимоячининг кўрсаткичлари ва майдондаги ўйин вақти тушиб кетди (7 гол ва 8 голли узатма). Қандай бўлмасин, Карло Анчелотти «қироллик клуби» ўзининг илтимосига биноан шартнома имзолаган футболчига ишонишни тўхтатмади. Аммо, 2015 йил май ойида италиялик мутахассис «қаймоқранглилар»ни тарк этди, 2016 йилнинг январида жамоа бошқарувига Зинедин Зидан келди. Аввалига мураббий футболчига ишонч билдирди, лекин очиғини айтганда, колумбиялик Зидан ишончини оқламади ва якунда «Реал»ни тарк этишга мажбур бўлди.

Родригес 2017/18 йилги мавсумда илк бор «Қироллик клуби»ни тарк этди ва икки йиллик ижара асосида «Бавария»га кўчиб ўтди. Яримҳимоячи «Альянс Арена»да ўзини яхши кўрсатди, Бундеслигада 7 та гол ва 11 та голли узатмани амалга оширди. Футболчи иккинчи мавсумини «немис машинаси» таркибида унчалик ёрқин ўтказмаган (7 гол ва 4 голли узатма). Кейинчалик Хамес Мадридга қайтди. Лекин у ерда футболчини яхши нарсалар кутмаётган эди. 2019/20 йилги мавсумда Родригес Испания чемпионатида атиги саккизта ўйинда иштирок этди. Яримҳимоячи «Реал Мадрид»нинг Ла Лигадаги 10 учрашувини жароҳат туфайли, яна 16тасини соғлом ҳолатда ўтказиб юборди. Шундан сўнг, колумбияликнинг «қироллик клуби»даги фаолияти якунлангани маълум бўлди.

2020 йил сентябр ойида футболчи Анчелоттининг чақириғи билан «Эвертон»га кўчиб ўтди. «Қаймоқранглилар» колумбияликка ишончини йўқотиб, уни «ирислар»га текинга қўйиб юборишди. Шу билан бирга, «Эвертон»да Хамес ҳафтасига 220 минг фунт маош оларди ва бу уни клуб тарихидаги энг кўп маош олувчи футболчига айлантиради. Родригесни 2 та топ-клубдаги омадсиз фаолиятидан кейин, нисбатан оддийроқ жамоага ўтиш ҳақидаги қарори тушунарли ва мантиқий тўғри эди. Ливерпулда ярим ҳимоячи аввалги даражага қайтиш учун ҳамма нарсани олди: яхши шартнома, мураббийнинг қўллаб-қувватлаши ва мухлисларнинг олқиши. Ва ҳаммаси жуда яхши бошланди.

«Эвертон»даги дастлабки учун иккинчи ўйинда Хамес гол ва ассистентлик қилди, бу эса жамоага «Вест Бромвич»ни мағлуб этишга ёрдам берди (5:2). Шундан сўнг, Родригес «Брайтон» (4:2), «Ливерпуль» (1:1 ва 2:0), «Лестер» (1:1), «Манчестер Юнайтед» (3:3) ва «Кристал Пэлас»га (1:1) қарши ўйинларда самарали ҳаракатлари билан ажралиб турди. Бу учрашувларнинг барчасида яримҳимоячи «ирислар»га муҳим очколар тўплашга ёрдам берди. Аммо, ўтган мавсумда, аввалгиларидек, футболчи жароҳат билан боғлиқ муаммога яна учради. Колумбиялик футболчи «Эвертон» таркибида охирги ўйинини 16 май куни ўтказди. Ўтган мавсумда Анчелотти Ливерпул клубини тарк этиб, «Реал»га қайтди. Хамес «Эвертон»дан ҳам, Колумбия терма жамоасидан ҳам ҳам четда қола бошлади. Яримҳимоячи Америка Кубогига чақирилмади, бу унинг обрўсига жиддий таъсир кўрсатди.

Рафаэль Бенитес «Эвертон»га келиши билан Родригес ҳаммасини қайтадан бошлаши керак эди. Анчелотти пайтида колумбиялик таянч ўйинчи эди, лекин янги мураббий унга ҳеч қандай имкон бермади. Бундан ташқари, мутахассис футболчининг бизнесга бўлган муносабати ёқмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Ҳамес ўтган мавсумда 54 та потенциал голли вазиятлар яратди. Фақатгина Гилфи Сигурдссон (60) ундан кўпроқ вазият яратган. Аммо, бу Бенитеснинг ишончига киришга етарли бўлмади. Журналистлар билан суҳбатда мутахассис Родригеснинг асосий таркибдан жой олиш учун етарлича яхши ишламаётганини айтди. Шунингдек, мутахассисга футболчининг жароҳати мойиллиги ҳам ёқмади.

Мураббийнинг кўрсатмалари футболчини туртки бермади. Аксинча, колумбиялик ўзини бепарво тутди. Август ойида ўтказилган интервьюлардан бирида яримҳимоячи суҳбатдошидан «Эвертон» кейинги ўйинни ким билан ўтказишини эслатишни сўради. Бу Ливерпул шаҳрининг кўк тарафидаги мухлисларини жиддий ғазаблантирди. Сентябр ойида Бенитес Хамес ёзда трансферга қўйилганини очиқ айтди, лекин уни ҳеч ким сотиб олмади. Родригесга «Порту» ва «Милан» қизиқиш билдирган. Бу битимларнинг ҳеч бири амалга ошмади, бу жуда ғалати эди. «Россонерилар» астойдил Ҳакан Чалҳаноглу ўрнига яримҳимоячи сотиб олишни ният қилган, аммо колумбиялик Италияда умуман ўйнамаган эди ва Аппенин оролига кетишни истамади.  

«Реал Мадрид» ва «Бавария»да футболчига баъзи ҳолатлар тўсқинлик қилган бўлиши мумкин бўлса, «Эвертон»да унинг ўзи ҳаммасини рельсдан чиқариб юборди. Ўз устида ишлаш ва жамоани трибунадан туриб қўллаб-қувватлашнинг ўрнига, Хамес мавсум бошида Ибисада дам олди. Бундай муносабат кимга ёқади? Аммо шунга қарамай, футболчига жиддий клублар қизиқиш билдиришган. Родригеснинг кучли агенти бор -  Хорхе Мендес. Қизиғи шундаки, у ўзининг таниқли мижозини машҳурроқ клубга трансфер қилолмади. Балки, футболчининг ўзи Европада қолишни хоҳламаган. Шубҳасиз, колумбиялик ўйин вақти учун кафолатларни талаб қилган ва фақат «Ал-Райян»нинг устози Лоран Блан унга кафолат бериши мумкин эди.

Албатта, Қатар клубига бориш - Хамес учун орқага ташланган қадам. Албатта, Родригес энг қиммат ўйинчиси 3,5 миллион еврога баҳоланадиган жамоада юлдуз бўлади. Аммо Қатарда юлдуз бўлиш бошқа, Европадаги бу мақомда бўлиш эса бошқа. Балки, колумбиялик футбол жамоасига ҳам, ўзига ҳам исботлайдиган ҳеч нарсаси йўқ деб қарор қилган. Бунга ҳуқуқи бор. Эҳтимол, колумбиялик Европага қайтади, лекин у пайтда футболчининг исми мухлислар ёдидан кўтарилиши мумкин.


Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.

Киритилди: 12:48, 17.10.2021.
Ўқилди: 7461 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.