«Шериф» Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумини «ёндирди». Молдова футболи тарихида илк марта ушбу мамлакат клуби турнирнинг гуруҳ босқичига чиқди. Бу фақат бошланиши эди! Биринчи турдаёқ украиналик мураббий Юрий Вернидуб бошчилигидаги жамоа ўз уйида «Шахтёр»ни енгди (2:0). Иккинчи турда эса бутун дунёни ҳайратлантирди - Мадридда «Реал» таслим этилди (2:1)! Тўғри, учинчи турда Миланнинг «Интер»ига ютқазди (1:3), лекин шунга қарамай, ўз гуруҳида пешқадамликни сақлаб қолди.
Айни пайт «Шериф» 22 млн. евродан кўпроқ пул ишлади. Мазкур сумма клуб бюджетидан тўрт мартага, умуман, Transfermarkt талқинига кўра жамоа таркибининг нархидан ҳам кўпроқ.
Афсуски, ҳозирча «Шериф» бу пулларни қўлга кирита олмайди. Сабаби - Молдова банкларида хорижий валютада ҳисоб очиш имконияти йўқлиги. «Шериф» базаси жойлашган Приднестровье сиёсий жиҳатдан мураккаб ҳудуд ҳисобланиб, у тан олинмаган суверен республикадир. Ҳозирча фақат Жанубий Осетия, Абхазия ва Тоғли-Қорабоғ сингари ўзига ўхшаган давлатларгина уни тан олишган.
Шу боис, Молдова ҳукумати Приднестровьеда тижорат тармоқларига хорижий валютада халқаро ҳисоб очишга рухсат бермайди. Приднестровья раҳбари Вадим Красносельский Молдова бош вазири Наталья Гаврилица билан телефон орқали суҳбатда ушбу масалани ҳал қилиб беришни сўради.
Бутун дунёда Молдова банклари иштирокидаги молиявий можаролар туфайли Приднестровьеда молиявий пул айланмалари бўйича жиддий тартиб ўрнатилган. Сабаб - пул ювиш ва терроризмга ҳомийлик қилишга қарши кураш. Молдова ушбу ҳудудда зарар чора-тадбирларни кўришга мажбур эди, акс ҳолда, халқаро банк тизимидан чиқиб кетиш хавфи туғилганди.
Натижада, 2018 йилдан Приднестровьеда маҳаллий банкларга алоқадор турли чекловчи қонунлар кучга кирди. Молдованинг лицензияга эга банклари назорат тизимини ишлаб чиқиб, у орқали маблағлар айланмаси ва мижозлар ҳақидаги маълумотлар шаффофлигини таъминлашди. 10 йилдирки Приднестровье банкларини миллий тизимга киритиш интеграцияси тайёрланмоқда, аммо ташаббус ҳар гал тўхтатиб қўйиляпти, зеро ушбу банклар халқаро ва миллий нормаларга амал қилишга интилмаяпти.
Якунда - УЕФА пулларни маҳаллий банкларга ўтказиб беролмаяпти. Демак - маблағ Приднестровьеда жойлашган «Шериф»га бормаяпти. Тўғри, яқин вақтлар ичида футбол клубига нисбатан истисноларни қўллашлари, шу тариқа «Шериф» ишлаган пулларини олиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Ахир кейинги муваффақиятлар натижасида жамоа ЧЛ ёки ЕЛ (агар гуруҳида учинчи ўринни эгалласа) «плей-офф» босқичига чиқса, 22 млн. евродан ҳам кўпроқ ишлаб олиши мумкин.
Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади