«Ньюкасл» жамоаси яқиндагина 300 миллион фунт эвазига Саудия Арабистони жамоат фонди томонидан сотиб олинган эди. Ушбу хариддан кейин жамоа Англия ва дунёнинг энг бой юридик объектига айланди. Бугунги кунда клуб бошқарувига келган Жамоат Сармоя Фонди (PIF) 320 миллиард фунт маблағга эгалик қилмоқда. Бундай катта қудрат орқали клуб исталган футболчисини сотиб олиши мумкин. Спортга оид нашрлар «Ньюкасл» сотиб олингандан буён тинмай клубнинг трансферлар ойнасидаги мақсадлари ҳақида ёзмоқда. Хўш, агарда ҳақиқатдан ҳам раҳбарият ўзи истаган футболчилар харидини амалга оширса, таркиб қандай кўринишга келади? Бу ҳақда қуйида маълумотга эга бўласиз.
«Ньюкасл» қишки трансферлар ойнасидаёқ жиддий ҳаракатни бошлаши лозим. Акс ҳолда, келаси мавсум бошида ўзи истаган футболчиларни Чемпионшипда ўйнатишига тўғри келади. Бундай дейишимизга етарли сабаблар бор. Негаки, «қарғалар» АПЛда ҳозиргача 11та ўйин ўтказган бўлиб, ҳали бирорта ҳам ғалабага эриша олмади. Жамоа турнир жадвалида 5 очко билан 19 ўринни банд этган. Кўриниб турибдики, таркибда жиддий ўзгартиришларни амалга ошириш лозим. Бу ҳаракатларнинг дебочаси сифатида истеъфога чиқарилган Стив Брюс ўрнига, янги ва ёш мураббий Эдди Хау олиб келинди. «Ньюкасл» клубининг маслаҳатлар кенгаши раҳбари Аманда Стэвли қишки харидларга тўхталиб ўтди. У бу ҳақида шундай фикрлар билдиради:
«Биз келаётган трансферлар ойнасида катта маблағ сарфламоқчимиз. Бироқ бу ишни АПЛ белгилаб берган чегара асносида, қонун доирасида амалга оширамиз. Бунда Молиявий Фейр Плей қоидалари билан ҳам ҳисоблашишга мажбурмиз. Ҳамма билиб турибди, вазиятимиз оғир. Буни ўз ўрнига келтириш учун эса, имкон борича таркиб учун сармоя киритишга тайёрмиз. Шунга қарамай, биз фақат футболчилар трансферигагина пул сарфлаш ниятида эмасмиз. Биз клуб доирасидаги барча нарсаларга эътибор беришни истаймиз. Уларни ҳам янгилаш учун сармоя ажратамиз. Ҳа, бунда чегарага амал қилинади. Аввал айтиб ўтганимдай, ҳамма иқтисодий ҳаракатларимиз АПЛ белгилаган қоидалар асносида бўлади. Биз чегарадан чиқмаймиз».
Клубнинг молиявий қудрати ошгани муносабати билан, раҳбарият таркибни рақобатбардош ва келажакда титуллар учун курашувчан қилиш мақсадида дунёнинг энг яхши футболчиларини жалб этиши лозим. Бунда сиз, агар клуб барча ўйлаган режаларини амалга ошира олса, «Сент-Жеймс Парк» ўйингоҳида кимларни кўришингиз мумкинлигини билиб оласиз.
1. «Барселона» посбони Марк-Андре тер Штеген, хабарларга кўра, клубнинг постига биринчи рақамли ўйинчи бўлишга асосий номзод сифатида кўрсатилган. Немис дарвозабони учун «Ньюкасл» 47 миллион фунт таклиф қилмоқда. 2. Ҳимояга «Атлетико Мадрид» футболчиси Киран Триппьер келтирилиши кўзда тутилган. Ўнг қанот мудофааси унга топширилиса, мақсадга мувофиқ бўлади. 3. Яна бир ҳимоячи Натан Аке «Манчестер Сити»дан олиб келиниши лозим. У бу ерда собиқ устози Эдди Хауга ёрдам беради. Улар яқин ўтмишда «Бормунт»да бирга ишлаган эди. 4. Марказий ҳимояда «Бавария» вакили Никлас Зюле варианти қўлланилган. 5. Зюлега жуфт сифатида эса, «Интер» футболчиси Стефан Де Врей номи келтирилган.
Ярим ҳимояга ўтамиз. 6. Бунда «Реал»нинг энг ишонган футболчиси Тони Крооснинг ташрифи кутилади. Собиқ Жаҳон чемпиони АПЛга илк марта келиши тасаввурга сиғмас даражада бўлиши мумкин. 7. Майдон маркази учун яна бир ўйланаётган номзод бу Аарон Ремзидир. «Ювентус» кетишини истаётган футболчи Янги йилдан кейинроқ «қарғалар» сафига келтирилиши белгиланган. 8. Кейинги ўринда, сўнгги пайтларда барчанинг оғзидан тушмай қолган, Англияга келиб, омадини топа олмаётган футболчи – Донни ван де Бек турибди. «МЮ» футболчиси доимий ўйин амалиёти истаётган эди. «Ньюкасл» эса унга шундай имкониятни тақдим этади. 9. Ҳужумнинг чап тарафида яна бир омадсиз, аммо истеъдодли «Барса» футболчиси Каутиньо бўлиши белгиланган.Уни қишки трансферлар ойнасида ижара асосида олиш, унчалик ҳам катта муаммо бўлмайди. 10. Қарама-қарши қанот эса Тони Крооснинг «Реал»даги жамоадоши Эден Азарга топширилади. «Ньюкасл» яна бир омадсиз футболчига Англияда қайтадан порлаш имкониятини тақдим этишдан хурсанд бўлса керак. 11.Ҳужум маркази «Арсенал» страйкери Александр Ляказетт билан тўлдирилади. Француз ҳужумчиси Лондонда сўнгги йилини ўтказмоқда. Унга яхши маош таклиф этилса, «Ньюкасл» учун ўйнашга рози бўлиши тайин. Қолаверса, Ляказетт учун «Арсенал»дан фарқли равишда, бу ерда доимий асосий таркиб ўрни кафолатланади.
Мана дўстлар, «Ньюкасл»нинг эҳтимолий янги жамоаси билан танишиб чиқдик. Ушбу харидлар келаётган қишда, қолгани эса, ёзги трансферлар ойнасида амалга оширилиши мумкин. Агар клуб ушбу харидларни амалга оширса, АПЛда еттинчи топ жамоа пайдо бўлди деяверинг. Бу эса фақат мухлисларнинг фойдасига хизмат қилади.
Жалолиддин ИСМАТОВ тайёрлади