Ўзбекистон кубоги ярим финал баҳсларидан сўнг 2022 йилда Осиё чемпионлар лигасида иштирок этишга даъвогарлик қилаётган клублардан бири сафдан чиқди. Бу — «Бунёдкор». Ўзбекистон учун ОЧЛга ажратилган иккинчи йўлланма учун курашаётган 3та клуб қолди. Уларнинг имкониятларини кўриб чиқамиз.
АГМК — чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаши ва Ўзбекистон кубоги финалида «Пахтакор»нинг ғалабасига умид қилиши керак.
«Насаф» — чемпионатда иккинчи поғонани эгаллаши ёки Ўзбекистон кубоги финалида ғалаба қозониши керак.
«Сўғдиёна» — чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаши ва Ўзбекистон кубоги финалида «Пахтакор»нинг ғалабасига умид қилиши керак.
Чемпионатнинг якуний — 26-тур ўйинлари 27 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтади. АГМК ҳозирча 47 очко билан иккинчи, «Насаф» 45 очко билан учинчи ва "Сўғдиёна" 44 очко билан 4-ўринда бормоқда.
АГМК мавсумни 2-ўринда якунлаш учун «Сўғдиёна»ни мағлуб этиш талаб этилади. Олмалиқларни дуранг ҳам қаноатлантириши мумкин, агар «Насаф» ўз майдонида «Локомотив»ни мағлуб этмаса.
«Насаф» эса 2-поғонани эгаллаш учун «Локо»ни мағлуб этган ҳолда, АГМКнинг «Сўғдиёна» билан ўйинда очко йўқотишини кутади.
«Сўғдиёна» кумуш медаль совриндорига эга бўлиши учун Олмалиқда АГМК устидан ғалаба қозониб, «Насаф»нинг «Локо» билан баҳсда ғалаба қозонмаслигига умид қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон кубогини «Пахтакор» қўлга киритадиган бўлса, чемпионатда 3-ўрин ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда чемпионатда 2-ўринни эгаллаган жамоа Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичида иштирок этади. Бу жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритса, чемпионатимизда учинчи поғонани банд этган клуб ОФК кубогида иштирок этади. Буни қарангки, "Бунёдкор" 3-поғонани эгаллаш имкониятини ҳам қўлдан чиқарди. Демак, "қалдирғочлар" ҳар қандай ҳолатда ҳам келаси мавсумда халқаро мусобақада иштирок эта олишмайди.