Кириш Регистрация
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия 0-3 Нидерландия
03/07 00:00 Австрия 1-2 Туркия
03/07 06:00 Бразилия 1-1 Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика 2-1 Парагвай

Одил Абдураҳмонов: «Ўзбекистонда тажрибам ошяпти»

Баҳо:
+ | -

Coca-Cola Суперлига сўнгги турларида «Бунёдкор» кетма-кет ғалабаларга эришиб, турнир жадвалидаги мавқеини яхшилаб олди. Мазкур учрашувларда мезбонлар сафида тўп сурган қирғизистонлик Одил Абдураҳмонов майдонда фаол ҳаракатлари билан жамоаси ғалабасига ҳисса қўшди. Шунингдек, у Қирғизистон термаси таркибида Баҳрайнга қарши кечган баҳсда гол муаллифига айланди. Яқинда ушбу футболчи билан суҳбат уюштириб, турли мавзулар бўйича саволларимизга жавоб олдик.

- «Бунёдкор» сўнгги турларда муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Ушбу ўйинлардан кейинги таассуротлар қандай?

- Тўғриси, мазкур учрашувларда ғалаба қозонмасак бўлмасди. Машғулотларда рақибга қарши пухта тайёргарлик кўрдик. Ўйин давомида бизда ҳам, рақиб жамоаларда ҳам кўплаб голли вазиятлар бўлди. Омад эса «Бунёдкор» томонида бўлди. Охирги дақиқаларда ўзимиз учун муҳим бўлган ғалабани қўлга киритдик ва очколаримиз сонини кўпайтириб олдик.

- Cуперлигада мавсум тобора якунланиб бормоқда. Айтинг-чи, «Бунёдкор»да ўтказган мавсумингиз сизда қандай таассурот қолдирди?

- 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказган фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилдим, деб бемалол айта оламан. Чунки мамлакатингизда тўп суриш орқали олдинга қадам ташладим. Тажриба оширдим. «Бунёдкор»да футболни тушунадиган ва футболчиларни қадрлайдиган инсонлар йиғилган. Улар орасида бўлганимдан хурсандман. Биз мавсум аввалида олдимизга катта мақсадлар қўйгандик. Баъзида кутилмаган натижаларимиз туфайли керагидан ортиқ очколарни бой бердик. Шунга қарамай, кубокда муносиб иштирок этган ҳолда, халқаро майдонга йўлланма олишимиз мумкин.

- Футболга кириб келишингиз қай тариқа рўй берган? Ўзингиз ҳақингизда кўпроқ маълумот берсангиз.

- Футболчилик фаолиятимни Қизилқия шаҳрида бошлаганман. Шу шаҳарнинг футбол мактабида таҳсил олганман. Кейинчалик «Абдиш-Ата» клуби тизимига ўтдим. Профессионал футболчи сифатида «Алдиер» клубида тўп сурганман. У ердаги ўйинларимни кузатиб борган «Олой» мени ўз таркибига қўшиб олган. Ўш шаҳри жамоасида беш мавсум фаолиятимни давом эттирдим. Шундан кейин «Бунёдкор»дан тушган таклиф асосида Ўзбекистонга келдим.

- «Бунёдкор»га келишингиз қандай содир бўлди?

- Билишимча, клуб мураббийлар штаби ОФК кубоги ва ички чемпионатдаги иштирокимни кузатиб борган. Шундан сўнг мени жамоа ўқув-йиғин машғулотларига таклиф қилган. Ўзбекистонга келиб, «қалдирғочлар» кўригида бўлдим ва ҳаракатларим мураббийларга маъқул келган кўринади, менга шартнома таклиф қилишди.

- Ўзбекистон Суперлигаси савияси борасида нималарни айта оласиз?

- Шуниси аниқки, Ўзбекистон Суперлигаси Осиёда энг кучли чемпионатлардан бири ҳисобланади. Бу ерга келиб, амин бўлдимки, юртингизда ҳам тўп суриш осон эмас. Ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бу ерда ўзим учун катта тажриба тўпламоқдаман.

- Энди «Бунёдкор» билан тузган шартномангиз хусусида маълумот берсангиз...

- Ҳозирча бу ҳақда ўйлаб кўрганим йўқ. Лекин «Бунёдкор» билан 1}1 кўринишида шартнома имзолаганман. Мавсум якунига етганидан сўнг раҳбарият билан келажагим хусусида гаплашаман. Балки кейинги йил ҳам фаолиятимни «Бунёдкор»да давом эттирарман.

- Сизнингча, Қирғизистон терма жамоасида қайси футболчи «Бунёдкор»да тўп суриб кета олади, деб ўйлайсиз?

- Тўғриси, бу саволингизга аниқ жавоб беролмайман. Кимнидир муайян кўрсатишим қийин. Зеро, «Бунёдкор»да ўйнаб кетиш учун футболчининг ўзига кўп нарса боғлиқ бўлади.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 22:30, 30.11.2021.
Ўқилди: 1952 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.