Хабарингиз бор, Европада футбол мавсуми ўзининг авж палласига етиб келди. Декабрь ойидаги тиғиз тақвим туфайли мухлислар деярли ҳар куни турли учрашувларни томоша қилишлари мумкин бўлади. Бироқ Италия томонларда вазият умуман бошқача. Улар Рождествога қадар (24 декабргача) барча ўйинларни ўтказиб олишади ва қисқа танаффусга чиқиб кетишади. Сўнг Янги Йилнинг олтинчи кунидан яна матчларга старт берилади. Шу муддат давомида қайси етакчи жамоалар «даҳшатли» декабрдан унумли фойдалана олади ёки аксинча, ким кўпроқ зарар кўради каби саволларга ҳозир батафсил жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Шунингдек, Италиянинг чемпионликка даъвогар клублари ҳақида ҳам мушоҳада қилиб кўрамиз.
“Интер“
1908 йил 9 мартда ташкил этилган ушбу клуб ҳозирда “мафиялар юрти“да энг кучли жамоа бўлиб турибди, фикримизча. Таркиб, барқарорлик ва янги мураббийнинг клубга ижобий ўзгаришлар киритгани “Интер“ни янада кучлироқ қила олди. Аслида, ҳаммаси Конте давридаёқ шаклланиб улгурганди. Бироқ Индзаги келиб, айрим устунликларни янада такомиллаштирди. Айни пайтда, “нерадзуррилар“ турнир жадвалида энг кўп гол урган ва фақат “Наполи“дан кейин энг кам гол ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибди. Бундай натижалар қайд этилишида мураббийнинг ҳиссаси улкан.
Тақвимга эътибор қаратадиган бўлсак, Рождествога қадар Симоне Индзаги шогирдларини “Кальяри“, “Салернитана“ ва “Торино“ сингари аутсайдер клубларга қарши ўйинлар кутиб турибди. Орада Чемпионлар Лигаси доирасидаги “Реал Мадрид“ билан баҳс бор. Кўриниб турибдики, “Интер“да декабрьдаги учрашувлар борасида умуман муаммо йўқ. Ҳатто “Қироллик клуби“га қарши баҳс ҳам фақат расмиятчилик учун ўтказилади. Амалда икки жамоа ҳам плей-офф масаласини тўла ҳал қилган.
“Милан“
Ибрагимович етакчилигидаги мазкур жамоа ҳозирги А Серия жадвалида пешқадамликни қўлга олган. Аммо таъқибчилар билан орадаги тафовут атиги 1 очкони ташкил этмоқда. Шунга қарамай, тан олиш керак “Милан“ Стефано Пиоли билан яна юқори даражага қайтмоқда. Тўғри, миланликлар аввалги афсонавий “россонерилар“ каби қудратли бўлмаса-да, лекин чемпионлик учун курашга қайтганининг ўзи катта гап.
“Қизил-қоралар“ни олдинда кутиб турган рақиблар етарлича муаммо туғдира оладиганлар хилидан. Дастлаб ЕЧЛда “Ливерпуль“ билан ҳаёт-мамот жанги бўлиб ўтса, сўнгра чемпионат доирасида “Удинезе“, “Наполи“ ва “Эмполи“ билан учрашувлар кутиб турибди. Булар орасида “Ливерпуль“ ва “Наполи“ қолганлардан яққол ажралиб тургани шубҳасиз. “Қизиллар“ билан ўйинда плей-офф масаласи ҳал этилса, неаполликларга қарши ўйин А Серия чемпионлиги учун ўта муҳим баҳс бўлиши аниқ.
“Ювентус“
Ҳеч кимга сир эмас, охирги йилларда туринликларнинг А Сериядаги қудрати кескин пасайиб кетди. Ҳатто ўтган йили сал қолса, “зебралар“ кучли тўртликдан ҳам тушиб қолиши мумкин эди. Шунга қарамай, клубдаги тизимнинг кучли тузилгани сабаб “Ювентус“ ҳамон рақобатчилар учун хавф туғдира олади. Аллегри бошчилигидаги йигитлар бу мавсум ҳам ғолиблик учун даъвогар бўла олади, фикримизча.
“Кекса Синьора“ни олдиндаги ўйинлари жуда ҳам мураккаб эмас. Чемпионлар Лигасида “Мальмё“, чемпионатда эса “Венеция“, “Болонья“, “Кальяри“ сингари нисбатан кучсиз клубларга қарши ўйинлар Турин клуби учун муаммо бўлмаслиги керак, бизнингча. Айни дамда, мазкур жамоа 5 ўринда кетмоқда. Бироқ “оқ-қоралар“ кетма-кет 3 ғалаба қўлга киритиб, тепароқдаги тўртликка етиб олиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
“Аталанта“
Сўнгги йилларда “Ювентус“ қудратини тобора йўқотиб бораётган бўлса, "Аталанта“ борган сари кучайиб бормоқда. Ўтган мавсумни туринликлардан олдинда якунлаган Бергамо клуби бу мавсумда чемпионлик учун асосий номзодлар қаторида бўлиб турибди. Буларнинг ҳеч бири тасодиф эмас. Клуб ростан ҳам ҳар томонлама ўсиб бормоқда. Бу ерда ҳар йили камида битта сифатли футболчи етишиб чиқади. Футболчилар сотиш орқали ҳам “кўк-қоралар“ етарлича маблағга эга бўляпти. Устига-устак, Гасперини шогирдлари мунтазам равишда ЧЛда иштирок этиб келмоқда. Бу ҳам молиявий томондан анча катта ёрдам бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Охирги 10 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келаётган “Аталанта“ни олдинда яхшигина синовлар кутиб турибди. Жумладан, ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги ҳал қилувчи учрашувида бергамоликлар Испаниянинг “Виляреал“ини қабул қилади. Кейин Италия чемпионати доирасида “Верона“, “Рома“ ва “Женоа“ билан ўйинлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Англаб турганингиздек, Эмерининг “Вильярреал“и ҳамда Моуриньонинг (ёки Шомуродовнинг) “Рома“сига қарши матчлар осон ўтмайди. Яъни “маъбудлар“ декабрьдан шунчаки енгил ўтиб кетишига бу жамоалар йўл қўйишмаса керак.
Италияда кучли клубларнинг кўпайиб бораётгани мухлислар билан бир қаторда мутахассисларни ҳам бирдек хурсанд қилади. Ҳар йили бу ўлкада чемпионлик учун кураш ўта қизғин кечмоқда. Бу мавсум ҳам қайсидир клуб “хамирдан қил суғургандек“ зафар қучиб кетмаса керак. Аммо барибир А Серияга нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Балки топ юлдузларнинг деярли қолмагани ва балки номдор хорижий мураббийларнинг камлигидир?! Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз, нега Италияда шунча кучли жамоалар бўла туриб, у ҳамон АПЛ даражасига ета олмайди? Чемпионатнинг камчиликлари нимада деб ўйлайсиз?