Сон Ҳён-Минни бутун дунё билади. Унинг ўйинлари барчага маъқул келгани, фақат ижобий таассуротлар улашгани учун ҳам уни ҳурмат қиламиз. Хўш, Соннинг қизиқишлари қандай? Ҳозир сиз кореяликнинг автомашиналар борасидаги диди қай даражада эканини билиб олишингиз мумкин бўлади.
Айтиш керакки, Сон сиз ўйлаганчалик машиналар учун катта маблағ сарф этавермайди. Аммо ўзига ёққан авто модели учун пулни аямайдиган одати ҳам бор. 29 ёшли ҳужумчи ҳозирда «Тоттенхэм»да фаолият юритади ва ҳафтасига 110 минг фунт маош олади. Унинг гаражида эса қиймати миллионлаб фунтга тенг бўлган автомашиналар жамланмаси мавжуд. Шулардан енг асосийлари диққат марказимизда:
Ferrari, «LaFerrari»
Ушбу турдаги автоулов дунёда 499 нусхада ишлаб чиқарилган, холос. Сон эса улардан бирининг эгасидир. Аммо у Ferrariнинг анъанавий(компания рамзи) қизил рангли вариантидан воз кечиб, қорасини танлаган. Негаки, унинг клуби футболчига қизил автода юришни таъқиқлаб қўйган. Бундай қилинишига асосий сабаб «Тоттенхэм»нинг ашаддий рақиби бўлган «Арсенал» клубининг рамзий ранги қизил бўлганидир. Машина нархи 1 миллион 150 минг фунт атрофида. Бунақаси унча-мунча АПЛ футболчиларида бўлавермайди. Энг кучли воситалар билан жиҳозланган итальян бренди, харидорлар унга мос бўлишиниям талаб этади. Яъни, ушбу моделни харид қилаётган инсон аввал ҳам Ferrari русумидаги автодан фойдаланган, уни сотиб олган бўлиши лозим. Соннинг қора рангли модели соатига 60 километр тезликка атиги 2,9 сонияда чиқа олади. У 6,3 литрли ВV12 моторида ҳаракатланади. Шунингдек, «LaFerrari» электрда юриш учун ҳам мосланган. Машинанинг максимал тезлиги 227 км/соатни ташкил этади.
Ҳа айтганча, айнан мана шу русумдаги машина Пьер-Эмерик Обамеянг гаражида ҳам мавжуд.
Maserati, «Levante»
Сон Maseratiнинг SUV серияли маҳсулотининг дастлабки сотиб олганлардан бири бўлган. Ушбу суперкарнинг бошланғич нархи 60 минг фунт-стерлингни ташкил этар эди. Аммо футболчига, ўз ватани Кореяда ушбу Maserati совға қилингани ҳақида айтилади. Бу ҳодиса Соннинг ўйинлари Maserati мотори каби тезкор ва шиддатли эканини англатади. Ҳақиқатдан ҳам майдонда юқори тезликка чиққан Сонни тўхтатиб қолиш имконсиздек туюлади.
Range Rover
Премьер-лига футболчиларининг кўпчилик қисми ушбу машинасиз яшай олмасликларини айтишади. Ҳақиқатдан ҳам инглиз ишлаб чиқарувчиси тайёрлаган маҳсулот мутлақ кўпчиликка манзур келади. Сон ҳам шулар қаторида. Қора рангдаги «The Evoque» моделининг бошланғич нархи 31 минг фунт атрофида. Бироқ Сондаги версиясида бироз ўзгаришлар мавжуд. Хусусан, салондаги ўриндиқларда қизил ҳошияли чизиқлар ўтказилган. Яна ғилдирак ички дискаларида ҳам. Бу дизайн Сонга айнан мос келади.
Bentley, «Continental GТ»
Яна бир футбол юлдузларининг севимли «матоҳ»ларидан бири. Сон эса ушбу машина учун 160 минг фунт атрофида пул сарфлаган. Автомашина махсус, 6L иккиталик турбоқувватлагич дастагига эга. W12 мотори эса ҳайдовчига 4,3 сонияда соатига 60 километр тезликка чиқишга ёрдам беради. Унинг энг баланд тезлиги 198 км/соатни ташкил этади. Бу эса Сонга машғулотарга кеч қолган пайтларида айни муддаодир.
Жалолиддин ИСМАТОВ