Лионель Месси ПСЖдан норози бўлиб, жамоада ёмон муҳит ярата бошлади. Илгари у “Барселона”да ҳам шундай қилган, аммо бу бошқача эди. “Stadion.uz” нашри Мессининг Париж клубидаги ҳолати ҳақида фикр юритади.
Лионель Мессининг Парижда шунчаки футболчи ва етакчи эмаслиги узоқ вақтдан бери маълум. “Барселона”га ҳам, Аргентина терма жамоасига ҳам келсак, ҳужумчининг клуб раҳбарияти фикрини ўзгартиришга қодир эканлиги ҳақида тез-тез хабарлар тарқалганди. Жумладан, айнан Месси Херардо Мартинони Каталония клубига мураббий сифатида таклиф қилишни талаб қилгани, шунингдек Мауро Икардини терма жамоадан четлатгани бунга мисол бўлада олади.
Ҳар икки жамоада ҳам Мессининг кўп айблари кечириларди, чунки у клубнинг ҳам, миллий жамоанинг ҳам “эркатойи” ҳисобланган. Лео “Барселона”да ёшлигидан ўйнаб келади ва у ерда табиий равишда, ўз меҳнати билан жамоанинг ҳақиқий қиролига айланган. Аргентиналик футболчи каталонияликларга барча кубокларда ғалаба қозонишга ёрдам берди. Унинг ютуқларига қўшган жуда катта ҳиссаси туфайли клуб Мессининг инжиқликларига дош беришга тайёр эди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Мессининг “Барселона”даги “қироллик” кучи чекланди. У бошқа мураббийларни ҳам хоҳлаши мумкин эди, аммо Мартинодан ташқари клуб раҳбарияти энди унинг хоҳишларига қулоқ солмаганга ўхшайди. Сабаби, Месси Неймарни қайтаришни хоҳлагани ва Гризмандан унчалик мамнун эмаслиги малум эди. Бироқ, якунда Мессининг хоҳиши амалга ошмади.
Энди Париждан Месси яна нолий бошлагани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Хабарларга кўра, Франция пойтахтидаги об-ҳаво унга ёқмайди. Айтишларича, у мураббий Маурисио Почеттинодан ҳам мамнун эмас ва унинг ўрнида Зинедин Зиданни кўришни истамоқда. Қизиғи шундаки, ПСЖ футболчилари уни омма олдида қўллаб-қувватлаб, деярли Мессига мослашиш зарурлиги ҳақида гапиришмоқда.
Шунга қарамай, Мессининг “Барселона” ва ПСЖдаги ҳолати мутлақо қарама-қарши кўринади. Каталонияда у ихтиёрий равишда тахтга ўтирди ва уни қонуний сайланган ҳукмдор сифатида қўллаб-қувватладилар. Парижда эса... У тайёр ҳукмронликка келди. Парижликларнинг ўз валиаҳд шаҳзодаси Килиан Мбаппенинг мақоми туширилди ва ҳозирда бутун жамоа Леони қўллаб-қувватлаб, уни мақташ билан оввора. Месси, ўз навбатида, Франция чемпионатига совуққонлик билан қарамоқда, у ерда ҳатто бирор нарсани кўрсатишга уринганини ҳам сезилмайди. У атрофидаги ҳамма нарсани ёқтирмайди. Энди эса у бир йил олдин ПСЖга катта умидлар билан тайинлаган мураббийни “қатл қилиш”ни буюрди.
Месси ПСЖда бутунлай бошқача кўринишга эга. У ўз ўйин услубида ўйнашга ҳаракат қилмоқда, Почеттино услубига мослашишга ҳаракат ҳам қилгани йўқ. Ҳужумчи ўзининг хатти-ҳаракати билан бутун клубни жуда ғалати аҳволга солиб қўйди. Мбаппе кетиш ниятида, Мессининг келиши эса ёш французнинг қарорига сўнгги томчи бўлгандек. Шу билан бирга, аргентиналикнинг ўзи ҳам парижликларга ўйин борасида катта устунлик тақдим этмаяпти.
Почеттино билан авж олган можаро ПСЖ эгаларини янада қийин аҳволга солиб қўяди. Мураббийни ишдан бўшатиш қандайдир аҳмоқлик. Сабаби, клуб раҳбариятининг ўзи мутахассисни тайинлади, унга шоннч билдирди ва аргентиналик мураббий қайсидир маънода буни уддалаяпти. Бироқ, Мессидан воз кечса эса...
Фақат битта йўл бор. Яъни Месси клуб учун жон-жаҳти билан ўйнаш, мураббийни қўллаб-қувватлаши ва ҳатто Франция чемпионатига паст баҳо бермаслик керак. Акс ҳолда, яқин кунларда Париждан ички низолар ҳақида хабарлар келиши тўхтамайди.