Айни пайтда Тошкентда бўлиб турган БАА футбол ассоциацияси президенти Юсуф ас-Саркал ўз мамлакати олимпия терма жамоасининг Лондон-2012 йўлланмасини Тошкентда қўлга киритишига умид қилаётганини айтиб ўтди.
“Тўғридан-тўғри йўлланмани йўлга киритиш биз учун осонроқ. Бу футболчиларимизга ички чемпионатда ўйнаш ва олимпия ўйинларига яхшироқ тайёргарлик кўриш имконини беради. Агар гуруҳда 1-ўринни эгаллай олмасак, унда бизни қийин бўлган саралашнинг 4-босқичи кутиб туради”, дейди Саркал.
Шунингдек, ОФК вице-президенти ҳисобланган Юсуф ас-Саркал жамоасининг тажрибали эканига эътиборни қаратди. “Бу жамоа 2006 йилда 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Кўрфаз кубогини қўлга киритган. 2008 йилда эса U19 Осиё чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, яна Кўрфаз кубоги (U23)да ғолибликни қўлга киритган бўлса, Осиё ўйинларида финалгача етиб борган (2010). Бу жамоанинг 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Мен бу жамоани БААнинг олтин авлоди деб атаган бўлардим. Улар кўп мусобақаларда иштирок этиб, халқаро тажрибага эга бўлишган. Мен бу жамоага катта умид боғлаяпман ва улар Ўзбекистон билан ўйинда нимадир қила олишади”, дейди БАА ФА президенти Юсуф ас-Саркал.