"Реал Мадрид" келаси трансфер ойнасида деярли футболчи харид қилмаса керак. "Қаймоқранглилар" бош мураббийи Карло Анчелотти яқинда клуб январда ҳеч ким билан шартнома имзоламаслигини айтди. Шу билан бирга, мутахассис яқин келажакда баъзи футболчилар Испания пойтахтини тарк этиши мумкинлигини айтиб ўтди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, stadion.uz 2022 йилда “Бланкос”ни ким тарк этиши мумкинлиги ҳақида сўз юритади.
Андрей Лунин
Мадриднинг “Реал” клуби Лунинни 2018 йилнинг ёзида “Заря”дан 8,5 миллион еврога сотиб олганди. Ўшандан бери 22 ёшли украиналик Испания кубогида "қаймоқранглилар" учун бор йўғи 1 ўйин ўтказган. Дарвозабон "Леганес", "Вальядолид" ва "Оведо" клубларида ижара асосида тўп тепган, аммо "Қироллик клуби"да унга ҳамон ўзини кўрсатишга имкон берилмаяпти. Анчелотти омма олдида ёш дарвозабонга ўйин амалиётини ваъда қилган, аммо бу мавсумда уни бирорта ўйинда мйдонга туширмаган. Лунин «Реал»ни тарк этмоқчи, деган миш-мишлар тобора кўпайиб бормоқда. Ушбу миш-мишларда бир томондан ҳақиқат бор. Футболчи Тибо Куртуага қарши рақобатда ғалаба қозониши имконсиздек кўринмоқда, шунинг учун, у бошқа вариантларни излаш керак. Испанияда футболчини Мадриддан олиб кетишга тайёр клублар бор.
Хесус Вальехо
Вальехонинг ҳолати Лунинники билан деярли бир хил. Жорий мавсумда 24 ёшли марказий ҳимоячи барча турнирларда жами 10 дақиқа майдонда ҳаракатланган. Ҳали қисқа бўлган фаолияти давомида испаниялик футболчи аллақачон Франкфуртнинг "Айнтрахт", "Вулверхемптон" ва "Гранада" клубларида ижара асосида ўйнаган. Футболчи ҳамма жойда яхши ўйинлар ўтказган, аммо Мадридда ҳозирча аҳвол у учун яхши эмас. Ёзда ёки январда испаниялик футболчи "қироллик клуби"ни тарк этиши мумкин. «Қаймоқранглилар» янги ҳимоячи излаётгани учун футболчини ўзлари сотишни режалаштираётган бўлса ажаб эмас.
Марсело
Марселонинг "Реал"даги даври ниҳоясига етмоқда. Бразилиялик футболчи 2007 йилнинг январидан бери "Қироллик клуби"да ўйнаб келмоқда ва ҳозирда Мадридда ҳурматли инсонга айланган. Аммо охирги пайтларда футболчининг ўйинида пасайиш сезилди. Жорий мавсумда 33 ёшли ҳимоячи Ла Лигада атиги 3 та ва Чемпионлар лигасида 2 та тўлиқсиз ўйин ўтказди. У Испания чемпионатининг сўнгги тўртта ўйинида умуман майдонга тушмади. Ҳимоячининг “Бланкос” билан шартномаси мавсум охиригача амал қилади. Шартнома узайтирилмаслигига шубҳа йўқ. Битта савол қолмоқда. Бразилиялик қачон кетаркин ёзда ёки қишда?
Дани Себальос
Себальос Испания терма жамоасида олган жароҳати туфайли бу мавсумда ҳали "Реал"да ўйин ўтказмади. Аммо Дани соғлом бўлса ҳам, майдонга у қадар кўп тушмаса керак. "Қироллик клуби"да ярим ҳимоячилар етарли. Бундан ташқари, ўтган ёзда «қаймоқранглилар» Эдуардо Камавингани ҳам «Ренн»дан 31 миллион евро эвазига сотиб олганди. Себальос "Арсенал"да 2 йил ижарада ўтказди ва агар хоҳласа, у ерда қолиши мумкин эди, аммо Мадридга қайтишга қарор қилди. Испаниялик футболчи "Реал Мадрид"да ўзи учун ҳеч нарса йўқлигини тезда англади ва бир мунча вақт ўтгач, у эски клуби ҳисобланган "Бетис"га қайтиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади. "Рома" ҳам футболчини сотиб олиши мумкин.
Иско
Исконинг "Реал"ни тарк этиши ҳақидаги гап-сўзлар анчадан бери давом этмоқда. Футболчининг ўзи ҳам ўйин вақтининг озлигидан қайта-қайта шикоят қилган. Шунга қарамай, испаниялик футболчи "қироллик клуби"да қолмоқда. "Қаймоқранглилар" креатив ҳужумкор ярим ҳимоячидан фойдаланиши мумкин, аммо Анчелотти уни ўз режаларига киритмаганга ўхшайди. Футболчининг «Галактикос» билан шартномаси жорий мавсум охиригача тузилган. Шу сабабли Исконинг кетиш эҳтимоли анча юқори. Иско балки ўйин услуби мос жамоа таркибига бориб қўшилар. Мисол учун, “Барселона”га.
Лука Йович
2018/19 йилги мавсумда Йович Бундеслигада Франкфуртнинг “Айнтрахт” клуби сафида 17 та гол урди. Шундан сўнг дарҳол, 2019 йилнинг ёзида "Реал Мадрид" футболчини "бургутлар"дан 63 миллион еврога сотиб олди. Мадридда сербияликдан умидлар катта эди, бироқ умидлар пуч чиқди. Зинедин Зидан қўл остида форвард жуда кам ўйин амалиётига эга бўлди. Йович ижара асосида саёҳат қилган “Айнтрахт”дан қайтгач, ўзининг аввалги даражасида ўйин кўрсата олмади. Ла Лиганинг жорий мавсумида Анчелотти қўл остида 23 ёшли ҳужумчи атиги 71 дақиқа майдонда ўтказди. Аввалроқ, серб "Реал"да ўз ўрнини эгаллаш борасида қатъий нияти борлигини малум қилганди. Охирги хабарларга кўра, форвард аллақачон "Қироллик клуби"ни тарк этиш ҳақида ўйламоқда. Футболчининг “қаймоқранглилар” билан шартномаси 2025 йилнинг июнига қадар тузилган, бироқ унинг Мадридда бунча муддат қолиши даргумон.
Мариано Диас
Мариано "Реал"да 2011 йилдан буён тўп суради. Бироқ асосий таркибда Диас ўз ўрнини топа олмаган олмаган. 2017 йилнинг ёзида ҳужумчи 8 миллион эвро эвазига «Лион»га ўтганди. Доминиканлик футболчи Лига 1да 18 та гол уриб, ажойиб мавсум ўтказди. Шундан сўнг дарҳол “қаймоқранглилар” футболчини 21,5 миллионга қайтариб сотиб олди. Ўшандан бери 3 йил ўтди, бу вақт ичида Мариано "Қироллик клуби" сафида атиги 5 та гол урди. 28 ёшли ҳужумчининг “Реал”даги келажаги сўроқ остида. Диас баъзан майдонда яхши ҳаракат қилади. Лекин “қироллик клуби” унга ишонч билдириши қийин.
Миржалол Пардабоев таржимаси