Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Навбаҳор»: Мавсум–2021да тепилган пенальтилар

Баҳо:
+ | -

“Навбаҳор”нинг якунланган мавсумга оид статистик маълумотлари билан таништиришда давом этамиз. Қуйида пенальтилар борасида тўхталиб ўтамиз.    

Coca Cola Суперлига – 2021 мавсумида учрашув ҳакамлари “лочинлар”  дарвозасига 4 та ўйинда 11 метрли жарима зарбаси белгилашди ва рақиб футболчилари барча пенальтиларни голга айлантира олишди.

Якунланган мавсумда жамоа дарвозасига дастлабки 11 метрли жарима зарбаси Тошкентда 14 март куни “Локомотив”га қарши кечган баҳсда белгиланди (Coca Cola Суперлига. 2-тур. “Локомотив” – “Навбаҳор” – 1:2).

Таъкидлаш жоизки, мазкур беллашувда учрашув бош ҳаками Зокир Қодиров ҳар икки жамоа дарвозасига 3 та пенальти белгилади – 2 та мезбонлар ва 1 та меҳмонлар дарвозасига (“Навбаҳор” фойдасига белгиланган пенальтилар борасида қуйида батафсил тўхталамиз).

36-дақиқасида учрашув бош ҳаками Зокир Қодиров VARга мурожаат қилган ҳолда, “темирйўлчилар”нинг навбатдаги ҳужумларидан бирида тўп жарима майдончаси ичида “Навбаҳор” футболчиларидан бирининг қўлига тегди деб ҳисоблади ҳамда “лочинлар” дарвозасига пенальти белгилади. Ўн бир метрли жарима зарбасини “Локомотив”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Ғулом-Ҳайдар Ғуломов аниқ амалга ошириб, мувозанатни тиклади (бунгача жамоамиз сардори Азимжон Аҳмедов пенальтидан гол уриб, жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиққанди) – 1:1.

Бироқ ушбу гол “темирйўлчилар”га дурангни сақлаб қолиш учун етарли бўлмади ва 2-бўлимда захирадан майдонга туширилган “Навбаҳор”нинг тожикистонлик ярим ҳимоячиси Эҳсони Паншанбе 75-дақиқада ғалаба тўпини киритиб, жамоамизнинг пойтахтдан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишини таъминлади.                  

“Лочинлар” дарвозасига навбатдаги – иккинчи пенальти Олмалиқда 2 апрель куни АГМК билан бўлган баҳсда белгиланди (Coca Cola Cуперлига. 4-тур. АГМК – “Навбаҳор” – 2:1).

Ўша ўйиннинг 26-дақиқасида учрашув бош ҳаками Акобирхўжа Шукуруллаев “лочинлар” ўз жарима майдончалари ичида мезбонларнинг россиялик ҳужумчиси Александр Касьянга нисбатан қўполлик ишлатишган деб топди ва “Навбаҳор” дарвозасига пенальти белгилади. Ўн бир метрли жарима зарбасини эса АГМК сардори Санжар Турсунов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди – 1:1.

Гарчи 44-дақиқада жамоамизнинг сербиялик ярим ҳимоячиси Славиша Стоянович пенальтидан мувозанатни тиклаган бўлсада (бу ҳақда қуйироқда батафсил тўхталамиз), 71-дақиқада мезбонларнинг тажрибали ярим ҳимоячиси Шоҳруҳ Гадоев ҳисобни 2:1 га етказиб, олмалиқликларнинг ғалабасини таъминлаганди.

“Навбаҳор” дарвозасига иккинчи 11 метрли жарима зарбаси Наманганда 7 апрель куни “Пахтакор”га қарши кечган ўйинда белгиланган (Coca Cola Суперлига. 5-тур. “Навбаҳор” – “Пахтакор” – 1:2) ва бу анча шов-шувга сабаб бўлганди.

Ўша учрашувнинг 84-дақиқаси кечаётган, ҳисоб дуранг – 1:1 бўлиб турган  пайтда, пойтахтликларнинг ҳужумларидан бирида меҳмонлар ҳужумчиси Сардор Рашидов мезбонлар жарима майдончаси ичида йиқилиб тушди. Ушбу вазиятга аввалига учрашув бош ҳаками Фирдавс Норсафаров эътибор қаратмади ҳамда ўйинни давом эттирди. Бироқ кейинчалик VAR ҳаками Азиз Асимовнинг талабига кўра, ўйинни тўхтатди ва VARни кўришга қарор қилди. Норсафаров Рашидов йиқилган вазиятни анча муддат томоша қилиб, кейин ўша ҳолатда Сардорга нисбатан ўйин қоидаси бузилган деб топди ва жамоамиз дарвозасига пенальти белгилади. Ўн бир метрли жарима зарбасини эса “Пахтакор” тўпурари Драган Черан аниқ амалга ошириб, “шерлар”га ғалаба келтирди – 1:2.

Бир сўз айтганда, учрашув асосий вақтининг сўнгги дақиқасида белгиланган ушбу пенальти ўйин тақдирини ҳал қилди.

“Лочинлар” дарвозасига сўнгги – учинчи 11 метрли жарима зарбаси эса  Наманганда 20 июнь куни “Машъал” билан бўлган ўйинда тепилди (Coca Cola Суперлига. 10-тур. “Навбаҳор” – “Машъал” – 2:1).

Мазкур баҳснинг 65-дақиқасида учрашув бош ҳаками Вадим Агишев мезбонлар ўз жарима майдончаси ичида қўполлик ишлатишди, деб топди ва “Навбаҳор” дарвозасига пенальти белгилади.

Ўн бир метрли жарима зарбасини эса муборакликларнинг тажрибали ҳужумчиси Ҳумоюн Муртазоев аниқ амалга ошириб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди – 2:1 (бунгача Баҳром Абдураҳимов (45) ва Иван Соловьёв (61) “Машъал” дарвозасига гол уришган ҳамда “лочинлар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишаётганди).

Қисқаси, ушбу пенальти беллашув натижасига ҳеч қандай таъсир ўтказмади ва жамоамиз ғалабани сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Ҳакамлар томонидан “Навбаҳор” фойдасига 5 та пенальти белгиланди ва вакилларимиз ундан 4 тасини голга айлантиришди.

“Лочинлар” томонидан амалга оширилган дастлабки 11 метрли жарима зарбалари таъкидлаганимиздек, Тошкентда “Локомотив” билан бўлган учрашувда амалга оширилди.

Мазкур баҳснинг 13 ва 72-дақиқаларида учрашув бош ҳаками Зокир Қодиров “темирйўлчилар” дарвозасига пенальти белгилади.

Ҳар икки ўн бир метрли жарима зарбасини жамоамиз сардори ҳамда штатли пенальтичиси Азимжон Аҳмедов амалга оширди. Аҳмедов дастлабки пенальтидан кейин ҳисобни очган бўлса (0:1), кейингисида “Локомотив” дарвозабони Жавоҳир Илёсов ўз маҳоратини намойиш этиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. Ўша пайтда ўйинда дуранг – 1:1 ҳисобида қайд этилаётганди.

Лекин бу учрашув тақдирига таъсир ўтказмади ва қайд этганимиздек, Эҳсони Паншанбе 75-дақиқада мезбонлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, “лочинлар”нинг ғалаба тўпига муаллифлик қилди – 1:2.    

Вакилларимиз навбатдаги пенальтини Олмалиқда АГМК билан бўлган ўйинда амалга оширишди.

Таъкидлаганимиздек, АГМКга қарши баҳснинг 44-дақиқасида “Навбаҳор”нинг навбатдаги ҳужумидан сўнг, тўп АГМК футболчисининг қўлига тегди. Учрашув бош ҳаками Акобирхўжа Шукуруллаев  VARга мурожаат қилиб, мезбонлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини жамоамизнинг сербиялик ҳужумчиси Славиша Стоянович аниқ амалга ошириб, мувозанатни тиклади – 1:1.

Бироқ қайд этганимиздек, 71-дақиқада мезбонларнинг тажрибали ярим ҳимоячиси Шоҳруҳ Гадоев ҳисобни 2:1 га етказиб, олмалиқликларнинг ғалабасини таъминлади.

Вакилларимиз навбатдаги пенальтини узоқ кутишларига тўғри келди ва у Наманганда 5 ноябрь куни бекободликларга қарши кечган баҳсда юз берди (Coca Cola Суперлига. 24-тур. “Навбаҳор” – “Металлург” – 1:0).

Мазкур баҳснинг 86-дақиқасида учрашув бош ҳаками Илгиз Танташев Шоҳруҳ Маҳмудҳожиевга нисбатан меҳмонлар ўз жарима майдончалари  ичида ўйин қоидасини бузишди деб топди ҳамда “Металлург” дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини Азимжон Аҳмедов аниқ амалга ошириб, “лочинлар”га ғалаба келтирган гол муаллифига айланди – 1:0.

Жамоамиз аъзолари  сўнгги 11 метрли жарима зарбасини якунланган мавсумнинг охирги турида тепишди (Coca Cola Суперлига. 26-тур. “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” – 2:3).

Наманганда 27 ноябрь куни қўқонликлар билан кечган ўйиннинг қўшимча дақиқалари давом этаётган пайтда жамоамизнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида тўп рақиб жарима майдончаси ичида меҳмон футболчиларидан бирининг қўлига тегди, деб ҳисоблаган учрашув бош ҳаками Абдурашид Худойберганов “Қўқон-1912” дарвозасига пенальти белгилади.

Уни жамоамизнинг сербиялик ярим ҳимоячиси Боян Найденов аниқ амалга оширди. Бироқ ушбу 11 метрли жарима зарбаси ҳисобнинг қисқаришига олиб келди, холос – 2:3. Боиси, ушбу пенальтига қадар, қўқонликлар 3:1 ҳисобида зафар қучишаётганди.

Қисқаси, “Навбаҳор”нинг мавсум – 2021 да  пенальтидан урилган голларига Азимжон Аҳмедов (2 та), Славиша Стоянович ва Боян Найденов муаллифлик қилишди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 09:36, 14.12.2021.
Ўқилди: 1278 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.