Ўтган ёзда Туриннинг “Ювентус” клуби асосий юлдузини қўлдан чиқарди. Португалиялик футболчи Криштиану Роналду “Манчестер Юнайтед” билан шартнома имзолаб, Англия Премьер-лигасига қайтди.
“Олтин тўп”нинг беш карра соҳиби жамоадан кетганидан кейин “кекса синьора”да жиддий инқироз бошланди. Массимилиано Аллегрининг шогирдлари ҳужум чизиғида катта муаммоларни бошдан кечирмоқда. Жамоа А сериянинг 17 та учрашувида бор йўғи 23та гол уришга муваффақ бўлди. Ҳатто “Верона” ва “Болонья” туринликлардан кўра кўпроқ гол уришди.
Шу муносабат билан “Ювентус” ҳужум чизиғини кучайтириш ишларини бошлаб юборди. “Бавария”нинг марказий ҳужумчиси Роберт Левандовски Турин клуби эътиборига тушди, дея хабар беради “Todofichajes” нашри.
Олдинроқ польяк футболчиси Мюнхендан кейин Италияга кўчиб ўтиши мумкинлигини тан олганди.
Форварднинг “Бавария” билан шартномаси 1,5 йилдан кейин якунига етади.