“Навбаҳор”нинг якунланган мавсумга оид статистик маълумотлари билан таништиришда давом этамиз. Бу сафар футболчиларнинг сариқ ва қизил карточкалари статистикасига тўхталишни лозим деб топдик.
Албатта, футбол жамоавий спорт тури саналсада, яккакурашларга ҳам бойдир. Тўп учун курашдаги бундай вазиятлар эса одатда қўполликларсиз ўтмайди.
Шунингдек, айрим пайтларда рақиб ҳужумини бартараф этиш, бундан ташқари, асабни жиловлай олмаслик, қизиққонлик ҳам футболчиларнинг ҳакам томонидан огоҳлантириш олишлари, айрим пайтларда эса ҳаттоки, майдондан четлатишларига сабаб бўлади. Қисқаси, карточкалар миллионлар ўйинининг бир бўлаги ҳисобланади.
Якунланган мавсумда жамоамизнинг бир нафар футболчиси, яъни, 29 ёшли тажрибали ҳимоячи Давронбек Ҳошимов қизил карточка билан “сийланган”, холос (Сoca Cola Суперлига. 23-тур. “Машъал” – “Навбаҳор” – 0:0).
Бироқ яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ҳошимовга қизил карточка тўғридан-тўғри эмас, балки, иккинчи огоҳлантиришдан сўнг, шунингдек, учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтида кўрсатилган (90+3-дақиқада) ва бу четлатиш ўйин натижасига ҳеч қандай таъсир ўтказмаган.
Мавсум–2021да "Навбаҳор"да энг кўп сариқ карточка олган футболчи ҳам Давронбек – 9 та.
Ҳошимовдан кейинги ўринни эса жамоа сардори Азимжон Аҳмедов ва тажрибали ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуров эгаллаб туришибди – 6 тадан сариқ карточка.
Умуман олганда, Суперлига–2021да “Навбаҳор”нинг 19 нафар футболчиси ҳакамлар томонидан карточкалар билан “сийланишди”.
"Навбаҳор" аъзоларининг сариқ ҳамда қизил карточкалари статискаси эса қуйидагича:
Давронбек Ҳошимов – 9 та сариқ, 1 та қизил карточка;
Азимжон Аҳмедов, Мирзоҳид Ғофуров – 6 тадан сариқ карточка;
Сардор Теляков, Аббосжон Ғуломов, Коста Гуттинер – 5 тадан сариқ карточка;
Игорь Голбан, Эҳсони Паншанбе, Қувондиқ Рўзиев, Исломбек Исоқжонов – 4 тадан сариқ карточка;
Боян Цигер, Боян Найденов – 3 тадан сариқ карточка;
Ўткир Юсупов, Иван Соловьёв, Забиҳилло Ўринбоев, Иброҳим Ғанихонов, Славиша Стоянович – 2 тадан сариқ карточка;
Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, Илҳомжон Алижонов – 1 тадан сариқ карточка.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.