Тимо Вернернинг «Челси»даги ишлари мақтовга арзийдиган даражада эмас. Жорий мавсум у АПЛнинг 8та учрашувида майдонга тушди ва биттадан гол ҳамда ассистни амалга оширди. ЕЧЛда 2та ўйин, битта гол, Лига кубогида битта учрашув ва гол. Лекин «Челси» ундан воз кечишга қарор қилса, ишлари юришиб кетиши ҳеч гапмас. Чунки уни янада номдорроқ топ-клуб - «МЮ» ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Ахир «қизил иблислар»ни Тимонинг эски қадрдони Ральф Рангник бошқармоқда.
Рангник - Вернер ҳамкорлигидан айрим мисоллар:
*** «Лейпциг»га ўтиш воқеаси. Клуб Бундеслигадаги Тимодан кўра тажрибалироқ ҳужумчилардан бирини таклиф этмоқчи эди. Бироқ Рангник Вернер вариантида қатъий туриб олди.
*** «Штутгарт»да Вернер кўпроқ чап қанотда ўйнарди. Рангник уни ҳужум чизиғига ўтказди.
*** 2019 йилда «Лейпциг» «Бавария»дан таклиф олди. У Вернерни харид қилмоқчи бўлганди. Рангникнинг маслаҳати билан Тимо таклифни рад этди. Ральф Вернернинг савияси Нагельсманн даврида яхшироқ ривожланади, деб ҳисоблаганди.
*** Рангник - Вернер ҳамкорлиги давом этди. Ҳатто мураббий «Ред Булл» тизимига ўтиб кетганида ҳам мулоқот тўхтамади. У шогирдига маслаҳатлар бериб турарди - жумладан, «Челси»га ўтиш бўйича ҳам.
Энди бу икковлон АПЛдалар. Хабарларга кўра, бирлашиб олишлари мумкин. Эҳтимол, бу шунчаки, жўн хабар эмасдир. Рангник ўз штабини шакллантирмоқда. Саша Ленс номзодлардан бири. У Рангник штабида руҳшунос лавозимини эгаллайди. Ҳа, айтганча, у ўз соҳаси бўйича Германиядаги таниқли мутахассислардан бири. Саша Ленснинг футболчилик фаолияти узоқ давом этмади. Аммо у вақтни бой бермай, спорт руҳшуноси ихтисоси бўйича таҳсил олди ва қисқа вақт ичида машҳур бўлиб кетди. 7 йиллик фаолияти давоида Ленс 4та клубда ишлашга улгурди: Дрезденнинг «Динамо»си, «Лейпциг», «Шальке» ва энди «МЮ».
Саша Ленс 2001 йилдан бери «МЮ»даги дастлабки руҳшунос бўлди. Ундан аввал Билл Бесквик фаолият юритганди. Ленс Рангник билан айнан «Лейп-циг»да танишганди - «буқалар» тизимида у 2015-2018 йилларда фаолият юритганди. У ерда мутахассис футболчилар билан мавсумнинг оғир дамларидаги эмоционал юкламаларни муҳокама қилар ва янги келганларга муҳитга мослашишда кўмак берарди. Шунингдек, Ленс жароҳатлардан фориғ бўлиш жараёнида ўйинчиларга руҳий далда бериб турарди.
Хўш, Ленс билан «МЮ»нинг, аниқроғи, Рангникнинг Вернерга бўлган қизиқиши ўртасида қандай муштараклик бор? Саша Ленс - Тимо Вернер ёқтирадиган қизнинг отаси. Футболчи 4 йилдан бери Паула Магдалена Ленс билан учрашиб туради. Британия матбуоти маълумотига кўра, Тимо ўз маҳбубаси билан «Лейпциг»да ўйнаб юрганида танишган. У қизнинг отаси билан ҳам яхши муносабатда. Лекин шахсий ҳаёти хусусида ҳеч қачон гаплашган эмас. Вернернинг «Инстаграми» ҳам Паула Магдаленанинг суратларидан холи, унинг интервьюларида ҳам қаллиғига оид гап-сўзлар йўқ.
Ральф Рангник эса ўзаро муносабатларнинг айрим жиҳатларидан хабардор. 2019 йилда мураббий Bild мухбири билан Вернернинг «Бавария»га ўтиши вариантини муҳокама қилганди. Ўша мақолада айнан исмлар зикр этилмаган бўлсада, футболчи ва Ленсга тааллуқли маълумотлар бор: «Тимонинг «Лейпциг»да қолишига ишончим комил. Мен унинг онасини, ёқтирган қизини яхши биламан, қизнинг оиласи билан борди-келдимиз бор. Агар Тимо Нагельсманн жамоасида қолса, улар жуда мамнун бўладилар».