Яхши ҳужумчи ҳар қандай жамоага доим керак. Лекин ҳар қачонгидан кўра, "Пахтакор"га бу сафар керак бўлганди. Сўнгги йилларда тайинли жамоада ўйнамаган Ваҳобов-у олимпия терма жамоамизда ҳам кўринмай қолган Абдуҳолиқовлар билан кўнгилни тўқ қилиб бўлмасди, албатта...
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида иккала жамоа ҳам ҳужумга ўтишга шошилишмади. "Пахтикор"нинг дастлабки ҳужуми фақатгина 9-дақиқага келиб содир бўлди. Бу вазиятда Санибал Ораховац ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб, бир ҳимоячини алдаб ўтди ва кучли зарба берди. Бироқ рақиб дарвозабони вазиятни бартараф этишга муваффақ бўлди.
Рақибларнинг ҳужумларида эса легионер футболчи Андре Сенгор фаоллик кўрсатди. Кўплаб хатоларга йўл қўяётган "Пахтакор" ҳимоясини ёриб ўтишда футболчи жуда ҳам тезкор ҳаракатларни амалга оширди бироқ сўнгги зарбаларни беришда аниқлик етишгани йўқ.
18-дақиқага келиб Дилшод Шарофетдинов ҳисобни очиши мумкин эди. бироқ тезкор фикрлай олмаган Дилшод турли вариантларга эга бўлсада, энг ишончизини танлади. Ноқулай вазиятда зарба берди ва тўпни дарвозабон қайтариб қолди.
"Пахтакор"нинг босими ошиб борди ва бу 29-дақиқага келиб ўз самарасини берди. Иракли Климиашвили томонидан амалга оширилган бурчак зарбасидан сўнг тўпга биринчи бўлиб етиб келган Дилшод Шарофетдинов боши билан рақиб дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди
Голдан кейин "Пахтакор" асосий эътиборини қарши ҳужумларга қаратди. Рақибнинг олдинга бориши натижасида жуда кўплаб қулай имкониятлар юзага кела бошлади. Шундай вазиятларнинг бирида Баҳриддин Ваҳобов чамаси 40 метрлар масофадан дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб қолди. Бироқ тезкорликнинг "Т" ҳарфини ҳам кўрсата олмаган Ваҳобов жуда қулай имкониятни якунлаш ўрнига тўпни орқага ташлади... Хуллас имконият бой берилди.
Биринчи бўлимнинг сўнгги 10 дақиқасида меҳмонлар "Пахтакор"ни жарима майдончасига қамаб қўйди. Кетма-кет уюштирилаётган ҳужумлар "Пахтакор" ҳимоясидаги жуда кўплаб хатолар ҳар бир вазиятнинг хавфли тус олишига сабаб бўлди. Ана шундай ҳужумларнинг бири 38-дақиқага келиб содир бўлди. Иброҳим Ал Ёқубий Темур Жўраев билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Бироқ бу вазиятда мезбонлар жонига Темур Жўраев оро кирди. Қайтган тўпга зарба беришда "Бани Яс" футболчиси шошиб қолди.
Шунингдек, биринчи бўлим сўнггига қадар меҳмонларда бир қатор яхши имкониятлар бўлди, бироқ сўнгги зарбани беришда кўп вазиятларда ноаниқ ҳаракат қилинди. Натижада Шарофетдиновнинг голи ягоналигини сақлаб қолди.
Иккинчи бўлимни Журжевич кутилмаган ўзгариш билан бошлади. Биринчи бўлимда қанотда жуда фаол ҳаракат қилган Санибал Ораховац ўрнига Шерзодбек Каримов туширилди. Бу ўзгариш ўзини оқлади дейиш қийин. Комбинацион футбол кўрсатишда оқсаётган жамоа асосан қанотларлардан ҳужум уюштиришга мажбур бўлаётган ва бу ишни Ораховац яхшироқ эплаётганди...
Меҳмонларнинг ўзгариши эса тушунарли эди. Жамоа ҳисобда ортда бораётганди. Шу боисдан ҳам улар кетма-кет ҳужумларни уюштиришди. Гўёки ўйин мезбони "Бани Яс"дек туюларди. 59-дақиқага келиб бу ҳужумлар барибир ўз самарасини бермай қолмади. Жарима зарбасини амалга оширган меҳмонлар вакили Муҳаммад Фавзий ҳимоядаги навбатдаги хатодан кейин жуда осонлик билан "Пахтакор" дарвозабони Темур Жўраевни доғда қолдирди. Сардор тўп йўналишини томоша қилиш билан чекланди, холос.
Бутун ўйин давомида майдонда нима қилиб юрганини билмаган Баҳриддин Ваҳобов 64-дақиқага келиб Темурхўжа Абдуҳолиқовга алмаштирилди. Темурхўжа Абдуҳолиқов майдонга тушиши билан фаол ҳаракат қила бошлади. лекин сўнгги зарбани бергиси келмадими, хуллас 71-дақиқада дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган "Пахтакор" ҳужумчиси зарба бериш ўрнига дарвозабонни ҳам алдаб ўтмоқчи бўлди (Ўзи бу ишни олдин эплаганмидинг, дейдиган одам топилса, қанийди шу пайти).
Сўнгги дақиқаларда "Пахтакор" гол ҳам киритди. Фақат бу вазиятда Темурхўжа Абдуҳолиқов ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб бўлганди. Шерзодбек Каримовнинг тўп узатишдан олдин ўйланиб ўтиришини кўрган меҳмон ҳимоячилари аллақачон сунъий равишда ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтириб бўлишганди.
90-дақиқада Иракли Климиашвилида қулай имконият юзага келди, бироқ грузиялик футболчи ноаниқ зарба билан ҳужумни якунлади. Бу ўйиндаги сўнгги жуда қулай имконият бўлганди. Натижада ҳисоб ўзгармади ва "Пахтакор" иккинчи учрашувда ҳам ғалаба қозона олмади.
ОЧЛ. В гуруҳи
2-тур
ПАХТАКОР - БАНИ ЯС - 1:1 (1:0)
Гол: Дилшод Шарофетдинов (29) - Муҳаммад Фавзий (59).
«ПАХТАКОР»: 30. Темур Жўраев, 2. Егор Кримец, 7. Кахи Махарадзе, 8. Санибал Ораховац (14. Шерзодбек Каримов), 11. Иракли Климиашвили, 21. Баҳриддин Ваҳобов (9. Темурхўжа Абдуҳолиқов, 64), 24. Даврон Ҳошимов, 26. Дилшод Шарофетдинов (29. Владимир Козак, 57), 28. Станислав Андреев, 32. Алексей Николаев, 34, Ойбек Қиличев.
«БАНИ ЯС»: 1. Ал Ҳаммадий, 2. Исмоил Бузид, 7. Муҳаммад Фавзий, 9. Андре Сенгор, 10. Фавзи Дурбин (Аҳмад Али, 77), 11. Султон Алғафрий (Фарид Ал Хаммадий, 87), 17. Навоф Муборак, 21. Муҳаммад ал-Ҳаммадий, 24. Тамир Муҳаммад, 26. Юсуф Жобир, 49. Иброҳим Ал Ёқубий (Ҳабаш Салбуҳ, 46).
Огоҳлантиришлар: Владимир Козак (84) — Муҳаммад ал-Ҳаммадий (17), Султон Алғафрий (27).