Агар сиз менга ҳали ҳам ишонмаган бўлсангиз. Сизларга айтишим мумкин бўлган яна бир ҳикоя бор. Сўнгги ҳикоя...
12 ёшлик пайтимда мен дўстим Сабино билан Мустафо мураббийлигида бир жамоада ўйнар эдик. Унинг номи «Баирро 6 де Маио» эди. Биз рақиб майдонига келганимизда автомат кўтариб олган полиция ходимлари бизни тинтув қилишганди. Рақиб жамоа футболчилари эса биздан 2-3 ёшга катта эди.
Ўйин бошланганидан кейин улар бизни қўрқитиш учун бақира бошлашди. «Анавини оёғига теп. Қаттиқроқ ўйна!». Майдон ташқаридагилар ҳам бизга босим қилишарди. Қўрқиб кетгандим. Барчамиз қўрқувда эдик. Улар эса кетма-кет голлар уришарди. Танаффусда ҳисоб 9:2 кўринишига келди.
Танаффусда ўзаро суҳбатлашдик ва бир биримизни танқид қилдик.
«Кўпроқ югуришимиз керак!»
«Ҳой нега қўрқяпсан?»
Кейин эса Мустафо шундай деганди: «Йигитлар, тинчланинг. Биз бу ўйинни ютамиз. Шунчаки ўйиндан роҳатланинг».
Биз чуқур нафас олдик. Кейин эса у Сабино ва менга қараб шундай деди: “Сабино, Луиш, бироз танаффус қилинг. Кейин яна майдонга қайтасиз".
Иккинчи тайм бошланганидан сўнг биз яхшироқ ўйнай бошладик. Энди камроқ асабийлашардик. Мустафонинг нутқи иш берди. Сабино ва мен майдонга тушганимиздан сўнг гол урдик. Кейин яна битта гол. Кутилмаганда муҳит ўзгара бошлади. Қўрқувимиз йўқолди. Биз энди турли хил техник ҳаракатлар ва финтлар қила бошладик. Стадион четидаги инсонлар бир-бирларига қараб шундай дейишарди: «О, Худойим, сен буни кўрдингми? Ажойиб йигитлар экан!». Мухлислар энди бизни кўпроқ қўллаб-қувватлай бошлашди. Биз ўйинда тўлиқ устунлик қила бошладик. Тумандаги айрим қизлар бизга сув беришга ўтишди. Айнан ўша вақтда энди бизни енгиб бўлмаслигини ҳис этдик. Якунда 16-12 ҳисобида ғалаба қозондик.
Одамлар ўйин якунланганидан кейин стадионга югуриб чиқишди, улар ақлдан озишганди. «Оҳ! Оҳ! Бу ажойиб болалар экан. Ақл бовар қилмайди!»
Кейин эса бир қиз ёнимга келди ва ручка билан қоғоз узатди.
Мен эса унга қараб: «Буни нима қиламан?» деб ўйланиб қолдим.
«Имзо қўй, қоғозга қўлингни қўй» – деди Мустафо.
Мен нима ёзишга хайрон эдим.
«Ўз исмингни ёз!» – деди мураббийим.
Шундай ҳам қилдим. Кейин эса Мусфтафо мени қучоқлади ва менга шундай деди: «Омадли қиз экан. Бир неча йиллардан кейин бу дастхатни катта пулга сотса бўлади». Лекин Мустафо адашган эди. Чунки мен у ерга Луиш деб ёзгандим.
Луиш Нани интервьюсидан олинди.
Тугади.
Ҳасан Турдалиев.