Россия чемпиони - «Зенит» ЧЛнинг баҳорги босқичига ўтолмади ва энди қуръага мувофиқ, ЕЛ 1|8 финали йўлида «Бетис»га қарши ўйнайди. Испанияда «чақилмас ёнғоқ» мақомини олган бу клубнинг асосий юлдузи - Набил Фекир. Франциялик футболчи фаолиятига дахлдор асосий сир шуки, у 2019 йили ҳеч ким кутмаган ҳолда, «Лион»дан негадир «Бетис» сафига ўтди ва мана, 3 мавсумдан буён Ла Лиганинг ўртамиёна жамоасида ўйнаш билан чекланмоқда. Gol.ru сайти айни шу сир билан қизиқиб кўрди.
***
Фекир Испаниядаги дастлабки мавсумида «Гол+пас» тизими бўйича 14 балл йиғди (7тадан гол ва самарали узатма). Кейинги мавсумда футболчининг бу борадаги статистикаси бироз пасайди: 5та гол ва 5та самарали узатма. Муҳими, «Бетис»да яққол ажралиб турди. Фекирнинг жорий мавсумдаги ишлари ҳам чакки эмас: 3та гол уришдан ташқари, яна 3тасига ҳаммуаллифлик қилди. Ваҳоланки, Набил бундай натижани бошқа клуб ёки лигада ҳам қайд этиши мумкин эди. Ҳар ҳолда, у ЖЧ-2018 олдидан фаолиятининг юқори чўққисига чиққан ва «Лион»дан кучлироқ клубга ўтишни ўйлаётганди.
***
Фекир хизматига жумладан, эндигина ЧЛ финалида ўйнаган «Ливерпуль» қизиқди. Дейлик, жамоа бош мураббийи Юрген Клоппнинг шахсан ўзи уни «Энфилд Роуд»да кўришни истади. Умуман олганда, «Ливерпуль» скаутлари Набилни 2015 йилиёқ кузатув остига олишганди. Хуллас, «қизиллар» 2018 йилнинг июнида футболчи трансфери учун «Лион»га 60 миллион евро таклиф этишди. Аммо трансфер якунда амалга ошмай қолди. Ваҳоланки, клуб телеканали Фекир иштирокида ролик тайёрлашга ҳам улгурган эди. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда ҳаттоки, Фекирнинг шартнома остига имзо чеккани акс эттирилган видеолавҳалар ҳам тарқалди, тўғри, бу монтаж эди.
***
Қизиқ, тайёр шартнома нега барбод бўлганди? Бунга нима сабаб? «Шунчаки, «Ливерпул»нинг позицияси ўзгариб қолди ва клуб футболчимизни сотиб олишдан воз кечди», - дея оддий изоҳ берди «Лион» президенти Жан-Мишель Ольяс ўша вақт. У кейинчалик келишув футболчининг тиззасида жиддий жароҳат аниқлангани туфайли бузилганини ҳам инкор этди. Аммо «Ливерпул»га яқин манбаларда клуб жароҳати бор футболчи трансферига 60 миллион евро тўлашга журъат этолмагани ҳақида ёзилди. «Клуб вакиллари барчасига тиззам сабаб эканлигини кўрсатишга уринишди, лекин бу шунчаки, баҳона эди», - деди Фекирнинг ўзи. Оддий айтганда, у ҳам жароҳат туфайли рад этилганига ишонмади. Аксинча, барча тиббий кўриклардан муаммосиз ўтганини қайта-қайта таъкидлади. Набил ҳаттоки, Париж яқинидаги футбол марказига бориб, алоҳида тиббий тестлар топширгани ва тиззасида ҳеч қандай муаммо аниқланмаганини ҳам қўшимча қилди.
***
Фекир жорий йил ниҳоят, ёрилди - айтишича, шахсий агент аралашуви туфайли «Ливерпул»га ўтолмаган экан. Футболчи ўша вақт Жан-Пьер Бернес хизматидан фойдаланган эди. Агент ўз навбатида, Набилнинг баёнотига кескин муносабат билдирди: «У бундай томошани тўхтатиши керак, одамларни аҳмоқ қилишидан нима маъно? Ахир ўшанда аслида нима бўлганини кўпчилик билади».Хуллас, Бернеснинг айтишича, келишув асосан 2та сабаб туфайли бузилган. Биринчиси - футболчининг тиззадаги муаммолар. Иккинчи сабаб - келишув деярли расмийлаштирилган паллада хорижлик ноъмалум воситачи ўртага тушиб, клубдан музокара жараёнини қайта давом эттиришни талаб қилган. Бернеснинг сўзларидан яна иқтибослар келтирамиз: «Ливерпуль» билан 4 ой давомида музокара олиб бордик ва ҳаммаси тайёр эди. Якунда Фекирни умумий қиймати 45 миллион еврога тенг 5 йиллик шартнома кутаётганди. Бироқ Набил махсус учрашувда «Ливерпуль» вакиллари билан саломлашмади негадир. Шартномага имзо чекадиган куни эса Фекир турмуш ўртоғининг акаси билан келди. Боз устига, ҳамроҳи дарҳол музокарани қайтадан бошлаш кераклигини талаб қилди. Шунда ўзимни «Дисней»нинг қандайдир фильмига тушиб қолгандек сездим. 38 йиллик фаолиятим давомида бунақасини бирор марта кўрган эмасдим».
***
Тайёр шартнома барбод бўлгач, Фекир яна бир мавсум «Лион»да қолди. Футболчи кўнгилсизликка қарамай, ёмон ўйнамади, аммо ЖЧ-2018 арафасидагидек ёрқин эмас. Шу тариқа унинг Англияга йўл олиш эҳтимоли ўз-ўзидан пасайди. Боз устига, «Лион» билан шартномаси муддати тугаётган эди. Якунда «Бетис» атиги 20 миллион евродан камроқ тўлаб, Фекирни ўз сафига қўшиб олди. Эътиборли томони, футболчи Испания клубига укаси Ёсинни ҳам олиб ўтди. Аммо у ортда қолган 2,5 йил давомида фақат «Бетис»нинг ўринбосарлар жамоаси ва Сегунда В иштирокчиси «Гихуэло»да ўйнади. Набилнинг ўзи «Бетис»да бахтиёр эканлигини кўп бора такрорлайди, лекин «Ливерпул»га ўтиши амалга ошмаганидан хафалигини ҳам яширмайди. Тўғри, Фекир энди ЧЛга «Бетис» билан чиқиш илинжида - ҳозирча унинг жамоаси чакки эмас.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади