Осиё кубоги-2015 ташкилий қўмитаси шу йилнинг февраль ойида Австралияга уюштирилган инспекцион визит бўйича ОФКга ҳисобот топширди.
Комиссиянинг иккинчи йиғилиши ОФК вице-президенти Абдулла ибн Шоҳ Султон Аҳмад бошчилигида бўлиб ўтди ва унда Осиё кубоги-2015 мусобақаси саралашига қуръа ташлаш маросими ўтказиладиган кун, жой, логотип ишлаб чиқиш ва маркетинг масалалари кўриб чиқилди.
Саралашда 20та жамоа иштирок этади ва улар 5та гуруҳга бўлинишади. Гуруҳда дастлабки 2та ўринни эгаллаган 10та жамоа Осиё кубогида иштирок этади. Шунингдек, энг яхши кўрсаткичга эга бўлган битта жамоа ҳам финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Осиё кубоги-2011да дастлабки 3та ўринни эгаллаган жамоалар — Япония, Австралия (бир вақтнинг ўзида мезбон) ва Жанубий Корея терма жамоалари ҳамда ОФК Чақирув кубоги-2012 ғолиби КХДР терма жамоаси Осиё кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиб бўлишган. ОФК Чақирув кубоги-2014 ғолиби (агар унда КХДР ғолиб чиқса, у ҳолда финалчи) қитъа чемпионатида қатнашади.